Ўзбекистон Каспий денгизидаги “Шаҳ-дегиз” лойиҳасига киришни режалаштирмоқда
Жамият
−
21 Май
8332Ўзбекистоннинг “Ўзбекнефтгаз” компанияси Каспий денгизининг Озарбайжон секторидаги “Шаҳ-дегиз” газ кони лойиҳасининг иштирокчиси бўлишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда бугун, 21 май куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов маълум қилди.
Қудратов шу кунларда Қуба шаҳрида бўлиб ўтаётган Озарбайжон-Ўзбекистон минтақалараро II форуми доирасида “Ўзбекнефтгаз” ва SOCAR (Озарбайжон давлат нефть компанияси) яқин ойларда Ўзбекистон компаниясининг “Шаҳ-дегиз” лойиҳасига кириши бўйича келишув имзолаши мумкинлигини айтди.
“Биз ҳозирда SOCAR билан унинг Ўзбекистондаги нефть ва газ қазиб олиш лойиҳаларида иштирок этиши ҳақида гаплашмоқдамиз. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз”нинг Озарбайжондаги газ ишлаб чиқариш корхоналарига кириши масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда ва бу якуний босқичда”, дейди вазир.
Қудратов лойиҳанинг мураккаблиги, ҳуқуқий экспертиза талаб этилиши, бу жараёнга хорижлик маслаҳатчилар жалб этилишини таъкидлади.
"Аммо биз истиқболларга оптимистик қараймиз", дейди у.
Шу билан бирга, Лазиз Қудратов Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўрилаётганини қўшимча қилди.
“Албатта, биз ушбу ташрифнинг аниқ мазмун билан тўлдирилишини таъминлашни мақсад қилганмиз. Шу билан бирга, ташриф давомида келишув ҳам имзоланади”, дея қўшимча қилди вазир.
Маълумот учун, "Шаҳ-дегиз" Озарбайжондаги энг йирик газ кони ҳисобланиб, уни ўзлаштириш бўйича шартнома 1996 йилда имзоланган. Шартномада томонларнинг улуши ҳозирча қуйидагича: Британиянинг BP plc (лойиҳа оператори - 29,99%), Россиянинг “ЛУКОЙЛ” (19,99%), Туркиянинг TPAO (19%), Озарбайжоннинг Cenub Qaz Dehlizi (21,02%), Эроннинг NICO ( 10%).
“Шаҳ-дегиз” конидан газ ва конденсат қазиб олиш 2006 йилнинг декабрь ойида бошланган ва ҳозирда Alfa платформасидан 1-босқич доирасида ва Bravo платформасидан 2-босқич доирасида амалга оширилмоқда.
Озарбайжон ҳозирда Грузия, Туркия ва олтита Европа давлати (Италия, Греция, Болгария, Руминия, Венгрия ва Сербия) билан “Шаҳ-дегиз” конидан газ етказиб бериш бўйича шартномаларга эга.
“Ўзбекнефтгаз” эса 50 дан ортиқ ихтисослаштирилган ташкилотларни, хусусан, 13 та қўшма корхона, углеводородларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича 10 та бўлинма, шунингдек, бир қатор мувофиқлаштирилган ноишлаб чиқариш ва илмий-техникавий бўлинмаларни бирлаштирган интеграциялашган корхона ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни Лазиз Қудратов Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг қабулида бўлиб, унга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини давлат раҳбарига етказганди.