Ўзбекистон Қозоғистонга суғориш мавсуми тугагунича 500 млн кубометр сув беради

Олам

image

Ўзбекистон суғориш мавсуми тугагунига қадар Қозоғистонга яна 500 миллион куб метр сув беради. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазирлигига таяниб, “Казинформ” хабар берди. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 апрелидан буён Ўзбекистон Сирдарё орқали Қозоғистонга 4 миллиард куб метрдан ортиқ сув берган. Бунгача Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Ўзбекистон билан олти ой ичида Сирдарё орқали Қозоғистонга 3,7 миллиард куб метр сув бериш бўйича келишувга эришган эди. Натижада Ўзбекистон 4 ой ичида келишилган миқдорда сув берган.

“Бу ишларнинг барчаси мамлакат жанубий вилоятлари фермерларининг суғориш сувига бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Чордара сув омборида 1,5 миллиард куб метр сув мавжуд бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 500 миллион куб метрга кўпдир. Чордара сув омборига жами 4 миллиард куб метр сув келиб тушди”, дейилган хабарда.

Ушбу сув омборидан Сирдарёнинг қуйи оқимига 4,5 миллиард куб метр сув оқизилган. Бу 2023 йилга нисбатан 1 миллиард куб метрга кўпдир. Қизилқум каналига 850 миллион куб метр, Шимолий Орол денгизига 590 миллион куб метр сув оқизилган.

“Қўшниларимиз билан Тоқтоғул ва Баҳри-Тожиқ сув омборларининг иш тартиби бўйича дастлабки келишув натижасида “Дўстлик” давлатлараро каналининг Қозоғистон қисмига сув мунтазам равишда оқиб келяпти. Энди бу канал орқали мамлакатга секундига 90 куб метр сув келади. Бу Туркистон вилояти фермерларини суғориш суви билан тўлиқ таъминлаш учун етарли”, деган Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги расмий вакили Мўлдир Абдуалиева.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Сирдарё сув суғориш мавсуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made