Ўзбекистон энергетика тизимини “нолдан қуриш” режалаштирилмоқда (видео)

Жамият

image

“Ҳудудий электр тармоқлари”нинг янги бошқарув раиси Сардор Исоқулов электр таъминоти сифати ва узилишлар билан боғлиқ вазият “аянчли аҳволда” эканини айтиб, Президент соҳани амалда қайтадан барпо этиш вазифасини қўйганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 27 июль куни “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

“Электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб олиб боришда узилишлар ва сифат кўрсаткичлари жудаям аянчли аҳволда. Бугун муҳтарам Президентимиз айтиб ўтдилар – нолдан ислоҳ қиламиз, энергетика соҳасини нолдан қуриб борамиз. Энергетика соҳасига қандай ёрдам керак бўладиган бўлса, ўша ёрдамлар ҳаммаси берилган ҳолда хонадонга кириб боргунча бўлган инфратузилмани жойида, манзилли дастур асосида ишлаб, сифат кўрсаткичини янада яхшилаш бўйича бир қатор топшириқлар берди”, дейди Исоқулов.

Бундан ташқари, унинг айтишича, йиғилишда бугунги кунда трансформаторлар, ҳаво электр узатиш тармоқлари юклама марказидан қочган ҳолда ва номутаносиб ўрнатилгани кескин танқид қилинган. Президент дебитор қарздорлиги оғир бўлган, узилишлар кўрсаткичи юқори бўлган туманларга энергетика вазирлиги тизими корхоналарининг раҳбарлари шахсан бириктирилиб, у жойда трансформаторбай ишлаш ёки бўлмасам газ соҳасида бўладиган бўлса, ГРПбай ишлаш йўналишлари бўйича аниқ-аниқ топшириқ берган.

“Бу топшириқларнинг ижроси сўзсиз таъминланади ва сентябрь ойига қадар куз-қишга тайёргарлик мавсуми, ундан ташқари, қишга киришда ҳали бизга тўрт ой вақтимиз бор. Тўрт ой вақт ичида бир қанча ишлар амалга оширишимиз мумкин. Ўшанинг учун ҳар бир раҳбар кўзини очиши ва бугунги кунда республикамиздаги электр таъминотидаги узилишларга барҳам берилиши ва келгусида бундай узилишлар бўлмаслиги учун омиллари билан курашиши бўйича аниқ топшириқ бердилар”, дейди Сардор Исоқулов.

Шу билан бирга, “Ҳудудгазтаъминот” бошқаруви раиси Маъруфхон Хўжаевнинг айтишича, газ соҳасидаги биринчи галдаги вазифалар қилиб суюлтирилган газ етказиб беришга хусусий секторни жалб қилиш бўйича экспериментни йўлга қўйиш, газ ҳисобидаги тафовутлар ва дебиторлик қарздорлигини камайтириш, шунингдек, жараёнларни рақамлаштириш ва ходимларни қайта тайёрлаш белгиланган.

“Газдаги тафовутларни ва дебитор қарзларни қисқа равишда пасайтириш, бундан ташқари, иш юритадиган ходимларни, албатта, бошқатдан ўқитиш ва уларни рақамлаштириш ва сунъий интеллектга янада ўқитиш билан боғлиқ топшириқлар берилган. Албатта, бу топшириқлар ўз вақтида бажарилади. Соҳанинг олдида асосий вазифа бу куз-қишга тайёргарлик. Яъни газ таъминотида бир меъёрда аҳолига ва тадбиркорларга етказиб бериш. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастурида бу турбаларни ўзгартириш, бундан ташқари, маънан эскирган газ тақсимот пунктларини биз янги модернизация қилинган газ тақсимот пунктларига алмаштириш”, дейди Маъруфхон Хўжаев.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” раҳбари Абдумалик Назировнинг билдиришича, давлат компаниясига магистраль тармоқлар орқали узатишда электр энергияси йўқотишларини камайтириш, авариявий ўчиришлар сонини кескин қисқартириш ва ходимлар самарадорлигини баҳолашнинг ўнта асосий KPI тизимини жорий этиш топширилган.

“Жойларда аҳоли, оддий халқ ва тадбиркорлар қилинаётган ишларнинг самарадорлигини сезиши керак, деган топшириқ бўлди. Умуман, ҳудудларнинг истеъмолидан келиб чиққан ҳолатда тармоқларни ривожлантиришга ҳам етарли даражада эътибор бермаганимиз кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Янгийўл мисолида барча йўналишлар очиб берилди. Яъни Янгийўл туманида электр энергия истеъмоли икки баробар ошган бўлса ҳам, тармоқлар ушбу талабга мос ривожланмаганлиги кўрсатиб берилди. Демак, биз республикадаги барча ҳудудларда ана шу истеъмол балансидан келиб чиққан ҳолатда тармоқларни ривожлантириш ишларини амалга оширишимиз шарт”, дейди Абдумалик Назиров.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ раҳбари Асроржон Асқаров лавозимидан озод этилди ва Сардор Исоқулов унинг ўрнини эгаллади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг