Ўзбекистон элчиси Туркманистон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Олам
−
11:08
816Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчиси этиб тайинланган Равшанбек Алимов Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашувда давлатлараро мулоқотнинг барча миқёсда барқарор ва самарали ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, энергетика, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муттасил жадаллашаётгани таъкидланган.
Элчи Равшанбек Алимов келгусида анъанавий дўстона ўзбек-туркман муносабатларини ривожлантириш йўлида бор куч-ғайрати ва билимини сафарбар этишини билдирган.
Маълумот учун, 58 ёшли дипломат Н.Бауман номидаги Москва давлат техника университетини, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини, Жоржтаун университетини (АҚШ) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1990 йилда вилоят даражасида Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги тизимида (ҳозирги Инвестиция, саноат ва савдо вазирлиги) бошлаган. Кейин Президент девонида, бош вазир котибиятида, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигида бошқарма бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2002-2008 йилларда эса Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси ва ўриндошлик асосида Молдовадаги элчиси, шунингдек, Францияда ва ўриндошлик асосида Португалияда элчи бўлиб ишлаган.
Равшанбек Алимов 2008 йилдан буён ТИВ тизимида. Ўтган йиллар давомида Москвадаги элчихонада маслаҳатчи, марказий аппаратда бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси бўлган Равшанбек Алимов 2016-2024 йилларда Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчиси бўлиб ишлаган Акмал Қўчқоров ўрнига тайинланганди.