Ўзбекистон элчихонаси Украинадан кетаётган фуқароларни огоҳлантирди

Олам

image

Украинадаги Ўзбекистон фуқароларининг Польшага ўтказилиши узоқ вақт олиши мумкин. Шу сабабдан Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фуқароларга мурожаат билан чиқди.

Элчихонага кўра, ҳозирда Ўзбекистон фуқаролари Украина–Польша чегарасини кесиб ўтишни бошлаган. Украина ва Польша чегарачилари, биринчи навбатда, аёллар ва болаларни ўтказяпти.

Қайд этилишича, чегарани кесиб ўтиш жуда узоқ вақт талаб этмоқда. Биринчи гуруҳ учун бу жараён 14 соат давом этган.

“Львовга кўп сонли қўшимча эвакуация поездлари етиб келганини ҳисобга олиб, чегарани кесиб ўтиш вақти чўзилиши мумкин. Чегарада одамларнинг кўплиги туфайли аввал эълон қилинган “яшил йўлак” ишламаяпти, чегарани ўтиш фуқаролигидан қатъи назар, навбат асосида амалга оширилмоқда”, дейилади элчихона хабарида.

Шунингдек, чегарани кесиб ўтиш пиёда амалга оширилмоқда, шу муносабат билан фуқаролардан чегарада совуқ ҳаво ўрнатилганини ҳисобга олишлари сўралган.

“Ҳужжатлари бўлмаган (у ёки бу сабабларга кўра) фуқароларимиз учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг ҳеч бўлмаганда қоғоз кўринишидаги нусхаси ёки мобил телефонида сканер қилинган нусхаси бўлишини сўраймиз”, дея фуқароларга тушунтириш берган дипломатик корпус.

Шу билан бирга чегара олдидаги тирбандликни инобатга олиб, элчихона аёллар ва болаларни имкони борича чегарага яқинроқ жойга етказишни таъмилаши таъкидланган.

Дипломатик ваколатхона мустақил равишда чегарага етиб бориш имкониятига эга бўлган фуқароларга тўғридан-тўғри чегарага боришни тавсия этган.

“Львовга етиб келган ҳурматли ватандошлар, Сиздан хотиржам бўлишингизни сўраймиз. Афсуски, диаспорамиз вакили М.Солиев бир вақтнинг ўзида юзлаб одамларнинг муаммоларини жисмонан ҳал қила олмайди. Шу муносабат билан, имкон қадар бир-бирингизга ёрдам беришингизни, юртдошларимизга келишни мувофиқлаштиришда ёрдам берадиган кўнгиллилар гуруҳларини шакллантиришингизни илтимос қилиб мурожаат қилмоқда.

Халқимизнинг миллий анъаналарига асосланиб, юртдошларимиздан, энг аввало, аёллар, болалар, талаба-ёшлар ва кексаларга ёрдам беришларини сўраймиз”, дейилади расмий ахборотда.

Қайд этилишича, Польша томонида Ўзбекистон Республикасининг Польшадаги элчихонаси вакили жойлашган бўлиб, фуқароларни Ватанга жўнатиш ишларини мувофиқлаштиради. Вакил ҳужжатлар расмийлаштириш билан аэропортда шуғулланади.

“Молдова ҳудудига саёҳат қилиш билан боғлиқ сўровлар келиб тушмоқда. Уларни инобатга олган ҳолда шуни маълум қиламизки, хавфсизлик тамойилидан келиб чиқиб, агар фуқароларимизга Молдовага бориш осонроқ бўлса, ушбу вариантни кўриб чиқишлари лозим.

Шу билан бирга, Молдовада бизнинг элчихонамиз мавжуд эмаслиги ва мамлакатнинг авиация майдони ҳаво қатнови учун ёпиқ эканлигини маълум қиламиз.

Ҳозирда ушбу мамлакатда бўлган фуқароларга ёрдам бериш учун штаб ташкил этилмоқда. Штабнинг алоқа учун маълумотлари қўшимча равишда жойлаштирилади”, деган элчихона ўз баёнотида.

Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларидан иборат илк гуруҳ Украинанинг Львов шаҳридан Польша чегараси томон олиб кетилгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина Украинага босқин

Баҳолаганлар

718

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг