Ўзбекистон экспорт қилишда Грузия портларидан фойдаланмоқчи. Арипов Гарибашвили билан келишиб олди
Жамият
−
19 Июль 2022
7084Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Грузия портлари орқали Европага экспорт қилиш имкониятларини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Грузия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Аввал хабар берганимиздек, Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги ҳукумат делегацияси кеча, 18 июль куни Тошкентга келди. Бугун, 19 июль куни Гарибашвили Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан яккама-якка ва кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказди. Унда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги иқтисодий соҳадаги муносабатларга қаратилган.
“Ўзбекистон маҳсулотларини Европа бозорига экспорт қилиш учун Грузия транспорт инфратузилмаси ва портларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Учрашувда Грузия Ўзбекистон учун энг муҳим транспорт йўлакларидан бири эканлиги алоҳида таъкидланган. Гарибашвили, шунингдек, Грузиянинг Баку-Тбилиси-Карс темир йўли, Қора денгиз-Каспий денгизи йўли, Шарқ-Ғарбий автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш каби муҳим лойиҳаларда иштирок этаётганига эътибор қаратди.
Учрашувда Грузия винолари ва минерал сувларини, жумладан, Ўзбекистон бозорларига экспорт қилиш ҳажмини янада оширишдан манфаатдор экани таъкидланган. Томонлар қўшма корхоналар ташкил этиш масаласини муҳокама қилган.
Грузия ва Ўзбекистон ўртасида эркин савдо режими мавжуд. 2021 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18,5 фоизга ошиб, 115 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистон Грузияга асосан саноат товарлари, кимё маҳсулотлари, ичимликлар, автомобиллар ва транспорт ускуналарини етказиб беради.
Грузия, ўз навбатида, фармацевтика маҳсулотлари, транспорт ускуналари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа маҳсулотларни импорт қилади.
Ҳозирда Ўзбекистон ҳудудида Грузия капитали иштирокида 69 та, Грузияда эса Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 23 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
LiveБарчаси