Ўзбекистон бундай тизим билан Жаҳон чемпионатига чиқа олмайди – “Локо”нинг португалиялик мураббийи
Спорт
−
23 Октябрь 2021
10248Тошкентнинг “Локомотив” клуби бош мураббийи Микаэль Секейра “Қўқон-1912”га қарши кечган учрашувдаги мағлубиятдан сўнг (1:2), футбол ривожланиши ва Ўзбекистон МТЖ Жаҳон чемпионатига чиқиши учун Европа футбол ассоциациясига (UEFA) қўшилиш кераклигини айтди. Ўйин бугун, 23 октябрь куни Қўқон шаҳридаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтди.
“Менимча, Ўзбекистон футболининг юқорига кўтарилиши учун биттагина йўл бор – UEFA’га аъзо бўлиш! Тўғри, академиялар очиляпти, аммо бу асосий масалани ҳал қилиб бермайди. Ўзбекистон Осиё миқёсида юраверса, бундай тизим билан ҳеч қачон Жаҳон чемпионатига чиқа олмайди. UEFA мамлакатларидаги футболчиларнинг бир-бирига меҳри бошқача бўлади. Улар майдонда бир-бирини уриб, синдирмайди. Фаолиятимни якунлаганимда хафа бўлиб ортга қайтаман. Насиб қилса, бир ойдан сўнг, чемпионат тугагач, уйимга жўнайман. Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп. Лекин яхши ҳакамлар ва академиялар кўпаймаса, ҳамда Европа футбол ассоциациясига қўшилмаса, Ўзбекистонда Жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳеч қандай имконият йўқ. Бу ернинг одамлар жуда яхши. Аммо бундай тизим билан футбол пастга қараб чўкаверади”, дейди Секейра.
Шунингдек, португалиялик мутахассис ҳакамларни кескин танқид қилди:
“Футболчилар ўйиннинг натижасидан хафа бўлишди. Чунки, бугунги ҳакам уч марта бизнинг иштирокимиздаги ўйинни бошқарган бўлса, ҳар учаласида ҳам мағлубиятга учраганмиз. Ёдингизда бўлса, “Бунёдкор”га қарши ўйиннинг охирги дақиқасида тўп учун ўйналган вазиятда пенальти белгилаганди. Ўшанда рақиб 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб кетган. Бугунги ҳакамликдан ўзим ҳам қаттиқ хафаман. Португалиядан келиб ҳаётим давомида бу даражадаги ҳакамликни кўрмаганман”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон суперлигасининг 22-туридан сўнг, “Пахтакор” ўз тарихида 14-марта чемпионликка эришган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь