Ўзбекистон Байденнинг Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини қўллаб-қувватлади
Жамият
−
05 Июнь
3405Ўзбекистон АҚШнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва тинч ҳаётни тиклаш бўйича ташаббусини олқишлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов маълум қилди.
"Биз Ғазо секторида тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар қурбонлари бўлган тўқнашувларни диққат билан кузатмоқдамиз. Бу ҳолат бизни чуқур хавотирга солмоқда. Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл ва барча мавжуд дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори.
Шу муносабат билан инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади. Биз барча мамлакатларнинг ҳаракатларини, жумладан, АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва тинч ҳаётни тиклаш бўйича ташаббусини олқишлаймиз.
Биз барча томонларни вазминликка, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонликни олдини олишга ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг янада кўпайишига йўл қўймасликка чақирамиз", дейди ТИВ матбуот котиби.
Маълумот учун, АҚШ Президенти Жо Байден 31 май куни Ғазо сектори атрофидаги тарангликни бартараф этиш бўйича уч босқичли режани тақдим этди. Унга кўра, биринчи босқич олти ҳафта давом этади, у тўлиқ ўт очишни тўхтатишни, Исроил қўшинларини Ғазонинг барча аҳоли пунктларидан олиб чиқиб кетишни, бир қатор гаровга олинганларни, жумладан, аёллар, қариялар, ярадорларни, шунингдек, фаластинлик юзлаб маҳбусларни озод қилишни ўз ичига олади..
Олти ҳафталик сулҳ давомида Исроил ва ҲАМАС ҳаракати келишувнинг иккинчи босқичига ўтиш учун бажарилиши керак бўлган шартларни муҳокама қилиши кутилмоқда. Битимнинг иккинчи босқичи “барча тирик қолган гаровга олинганларни, шу жумладан эркак аскарларни ҳам озод қилиш”, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетиш ва “доимий ўт очишни тўхтатиш”ни ўз ичига олади. Келишувларнинг учинчи босқичида Ғазо секторини қайта тиклаш кўзда тутилган.
LiveБарчаси