Ўзбекистон Афғонистондаги нефть ва газга сармоя киритишга қизиқмоқда – ОАВ
Жамият
−
25 Май
6361Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг йирик компаниялари Афғонистоннинг нефть ва газ конларига сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “Толибон” муваққат ҳукумати кон ва нефть вазирлигига таяниб “ТОLOnews” хабар берди.
“Марказий Осиё компанияларининг Афғонистоннинг нефть ва газ соҳасига қизиқиши сезиларли даражада ошди. Яқинда Ўзбекистон компаниялари билан учрашув ўтказдик. Вазирлик бир қанча нефть ва газ конларига, жумладан Ҳирот яқинига инвестициялар киритишини эълон қилди”, дейди вазирлик вакили Ҳумоюн Афғон.
Афғонистондаги “Bakhtan News” нашрининг ёзишича, Ўзбекистондаги компания углеводородларга қизиқиш билдирган. Кон ва нефть вазири ўринбосари Зиа-ур-Раҳмон ал-Арюбий компания вакиллари билан учрашиб, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган.
Афғонистонлик иқтисодий эксперт Абдул Носир Раштия Ўзбекистон делегациясининг Қобулга сафари чоғида муҳокамада нефть, газ ва бошқа фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш асосий мавзулардан бири эканлигини айтиб ўтган. Шунингдек, у МДҲ мамлакатларининг нефть ва газ соҳасига киритаётган сармояларини ва минтақавий ҳамкорлигини Афғонистон иқтисодиётига ҳам сезиларли даражада таъсир қилишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Қобулга борганди. Ўшанда “Толибон" муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Афғонистондан бир миллион тоннадан ортиқ кўмир сотиб олишни режалаштираётганини маълум қилганди.
Маъмура Тўраева
LiveБарчаси