“Ўзбекистон –Афғонистон” чегараолди савдо зонаси иш бошлади
Жамият
−
24 Май 2019
3695Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида ўзбек-афғон бизнес форуми ўтказилди.
Форум доирасида дастлаб Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида ташкил этилган “Ўзбекистон – Афғонистон” чегараолди савдо зонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси давлат идоралари ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирокидаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазири ўринбосари Б.Абидов, Афғонистон Ислом Республикаси саноат ва савдо вазири ўринбосари М.Юриш икки қўшни мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳамкорлик алоқалари сўнгги йилларда янги босқичда ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Чегараолди савдо зонаси Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонларининг ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлайдиган ўзига хос дўстлик кўприги вазифасини ўташига ишонч билдирилди.
Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар давлатларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Шунга мувофиқ чегараолди савдо зонасида ҳам қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилди. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонлари хизматида. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” тамойили асосида тақдим этилиши расмийлаштириш жараёнини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Бу ердаги павильонларда ён қўшни давлат учун озиқ-овқат, енгил, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик ва бошқа саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган уч юз турдан ортиқ тайёр маҳсулот кўргазмага қўйилган. Маросим якунида меҳмонлар ана шу маҳсулотлар билан танишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида бўлиб ўтган бизнес форумда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Афғонистон Ислом Республикаси саноат ва савдо вазири ўринбосари М.Юриш, Афғонистон Ислом Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Абдул Раҳим Абдул Раҳмон ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида йўлга қўйилаётган дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари Афғонистонни барқарор ривожлантириш учун муҳим қадам бўлаётганини алоҳида қайд этди.
LiveБарчаси