Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизи носоғлом турмуш тарзини олиб боради
Саломатлик
−
11 Февраль 2023
8501Ўзбекистонда 10,7 млн аҳоли соғлом турмуш тарзини олиб бормайди. Аҳолининг 16,5 фоизи тамаки ва 4,7 фоизи алкоголь истеъмол қилади ва 16 фоизи мева ва сабзавотларни етарли миқдордан (кунига 400 граммдан) кам истеъмол қилади.
Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида назарда тутилган.
Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 36,6 фоизи таомга қўшимча туз қўшиши, 32,9 фоизида ортиқча вазн ва 23,5 фоизида семизлик мавжудлиги, 38 фоизида юқори артериал босим ва 8,4 фоизи қонида қанд миқдорининг юқорилиги, 26 фоизининг эса, жисмоний фаоллиги сустлиги аниқланган.
Шунга кўра, 2023 йилдан аҳоли орасида юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида қуйидагиларни назарда тутувчи “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади.
“Аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кексалар орасида соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилиш ҳисобига юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, зарарли одатлар ва носоғлом турмуш тарзини кечириш оқибатлари бўйича ахборот-тарғибот ишлари олиб борилади”, дейилган дастур шарҳида.
Шунингдек, аҳолига смартфон ва мобил иловалар ёрдамида ўз соғлиғи ва овқатланишини назорат қилишни ўргатиш, тўғри овқатланиш бўйича мобил илова яратилиши, болаларга мўлжалланган носоғлом озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда энергетиклар, дори воситалари, биологик фаол моддалар рекламасига талаблар кучайтирилади.
Таълим муассасаларида эса болалар ва ёшлар учун тавсия этилмайдиган маҳсулотлар, шу жумладан таркибида шакар, туз, трансёғлар миқдори юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, таъм ва ранг берувчи қўшимчалар рўйхатини тасдиқлаш ва истеъмолини камайтириш назарда тутилган.
Давлат дастурида маҳаллий маҳсулотлар турларидан келиб чиқиб, аҳолининг ҳар бир хавф гуруҳи ва касаллик турлари учун алоҳида-алоҳида соғлом овқатланишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқилади.
Қолаверса, ёши, тана тузилиши, турмуш тарзи ва касалликларга мойиллигидан келиб чиқиб, болалар, катталар ва кексалар учун қисқа тўғри овқатланиш, соғломлаштириш машқлари ва гигиена қоидалари тўпламини яратиш, иш жойларида ходимларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланиши ва соғлом овқатланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳам белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Жамоатчилик муҳокамаси 17 февралгача давом этиб, бунда ҳар бир фуқаро иштирок этиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь