Марказий Осиёдаги энг кўп спиртли ичимлик ичувчи мамлакатлар маълум бўлди
Бу қизиқ
−
18 июн 14831 2 дақиқа
Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг кўп спиртли ичимлик ичувчи давлати деб топилди. Бу ҳақда “World Population Review” порталининг аҳоли жон бошига алкоголь истеъмол қилиш бўйича янгиланган глобал рейтингида келтирилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Қозоғистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўз қўшниларини сезиларли даражада ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаган. Ушбу мамлакат глобал рўйхатнинг ўрталаридан жой олган ва йилига киши бошига 5,4 литр соф спирт кўрсаткичи билан Камбоджа ҳамда Зимбабве билан бир поғонани бўлишиб, 83-ўринни банд этган.
Марказий Осиё минтақаси миқёсида эса Қозоғистон Республикаси мутлақ етакчига айланган. Ундан кейинги ўринлар:
- Қирғизистон – 3,9 литр (дунёда 101-ўрин);
- Туркманистон – 3 литр (дунёда 119-ўрин);
- Ўзбекистон – 2,1 литр (дунёда 132-ўрин);
- Тожикистон – 0,7 литр (дунёда 154-ўрин).
Энг паст кўрсаткичлар (мутлақ нолга яқин – йилига 0,1 литр) бир қатор мусулмон давлатлари – Қувайт, Эрон, Сурия ва Покистонда қайд этилган.
Алкоголь истеъмол қилиш бўйича дунё етакчиси сифатида Руминия тан олинган – у ерда 15 ёшдан катта бўлган ҳар бир турғунга йилига рекорд даражадаги 17,1 литр соф спирт тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйлаб вино истеъмоли 1957 йилдан буён энг паст кўрсаткичга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳисоботга кўра, дунёдаги энг йирик вино бозори бўлган АҚШ ва Германияда истеъмол бир йил ичида 4,3 фоизга, Францияда 3,2 фоизга, Италияда эса 9,4 фоизга камайган.