Инклар қурбонликдан олдин болаларга кокаин ва алкоголь ичиргани маълум бўлди
Interesting
−
22:07 255 2 minutes
Инклар империясида болалар ритуал қурбонлик маросимидан олдин кокаин, алкоголь ва аяуаска истеъмол қилган. Бу ҳақдаги тадқиқот “Antiquity” журналида эълон қилинди. Тадқиқотга Варшава университети археологи Дагмара Соха раҳбарлик қилган.
Қайд этилишича, олимлар 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган саккиз нафар боланинг соч ва тирноқ намуналарини ўрганган. Уларнинг жасадлари Перу, Аргентина ва Чилидаги тоғ чўққиларидан топилган. Уларнинг барчасида кокаин излари аниқланган, айримларида эса бу модда ўлимдан бир неча ҳафта олдин мунтазам истеъмол қилинганини кўрсатувчи миқдорда бўлган. Икки нафар бола кокаинни алкоголь билан бирга қабул қилган. Бир нафарида эса галлюциноген ичимлик – аяуаскага хос бўлган гармин моддаси аниқланган. Бу ушбу ичимликнинг бундай маросимларда қўлланилганини тасдиқловчи илк далиллардан бири.
Инклар “капакоча” деб атаган болаларни қурбонлик қилиш маросими XV–XVI асрларда империя диний амалиётининг муҳим қисми бўлган. Ушбу маросимлар вақтида маст қилувчи моддалар истеъмол қилингани ҳақида испан солномачилари ҳам ёзган, бироқ улар бу маълумотларни иккинчи қўл орқали олган.
“Бирорта ҳам европалик солномачи капакоча маросимини ўз кўзи билан кўрмаган”, дейди Соха.
Тадқиқотчиларнинг тахмин қилишича, ушбу моддалар болаларни тинчлантирган ва тоғ чўққисига кўтарилиш вақтида уларни тоғ касаллигидан ҳимоя қилган, шунингдек, маросимга руҳий тайёргарликнинг бир қисми бўлиб хизмат қилган. Уларнинг айримлари қурбонлик жойларидан анча узоқда ўсадиган ўсимликлардан олинган. Олимларнинг фикрича, бу коҳинлар бутун империя бўйлаб мавжуд бўлган моддаларни яхши билганидан далолат беради.
Live
All