“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Жиддага парвозларни кўпайтирди

Жамият

image

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Жиддага парвозларни кўпайтириши мумкинлиги ҳақидаги  хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. 

Эътиборли томони мазкур янгиликни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси эмас, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълум қилган эди.

Хўш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Тошкент-Жидда йўналишидаги авиақатновлар сонини ҳафтасига 6 кунга кўпайтирмоқчими? Компания матбуот хизмати бунга ойдинлик киритар экан, мазкур хабарни инкор этмаган ҳолда, жорий йилнинг 1 апрелидан ҳафтанинг ҳар куни парвоз амалга оширилишини маълум қилди.

Маълумот учун, Тошкент-Жидда йўналишида қатновлар ҳар куни қўйидаги кўринишда амалга оширади:

HY-335 Тошкент 18:40 – Жидда 21:40
HY-336 Жидда 23:45 – Тошкент 06:15+1

Тошкент-Жидда йўналишида қатновларнинг оширилишидан туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қай даражада манфаатдор?

Қўмитанинг зиёрат ва археологик туризмни ривожлантириш сектори бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаев бунга изоҳ билдирар экан:

“Юртимизда сайёҳликни ривожлантириш нафақат бизни ташкилотимиз ёки меҳмонхоналар, балки шу соҳа вакилларининг ҳамкорлигига боғлиқ, жумладан авиакомпанияга ҳам. Бу борада кўплаб ўзгаришлар бўлмоқда. Мисол учун, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишини йўлга қўйди. Айни вақтда уни ҳафтасига олти мартага етказиш чораси кўрилмоқда. Бу нимага керак? Биринчидан, маҳаллий аҳолининг Умра сафарини қулайроқ амалга оширишида қўл келади. Иккинчидан, ҳар бир мамлакат фуқароси Арабистонга зиёратга боргунча ёки қайтишда йўл-йўлакай бошқа, ўзига қизиқ давлатларга саёҳат қилишни истайди. Мисол учун, ўтган йили Индонезиядан қарийб бир миллион нафар мусулмон Ҳажга борган бўлса, унинг юз минг нафари Туркия орқали сафар қилган. Бундай йўналишлар сайёҳларга вақтни ва маблағни тежаш имконини беради. Айни вақтда бизда ҳам бир қатор режалар бор. Тошкент-Жидда, Куала-Лумпур кейинчалик, қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон, Россиядан Ҳаж ёки Умра зиёратига кетаётган сайёҳларни Самарқанд ёки Бухорода 4-5 кун саёҳатга олиб қолиш режаси бор”, деб айтиб ўтган Саидкомил Холхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Миллий авиакомпания ўтган йил 28 октябрдан “Тошкент - Жидда” йўналишида авиарейслар сонини ҳафтасига икки мартага етказган эди. Зиёрат туризми бўйича сайёҳлар сонини кўпайтириш учун у “Куала-Лумпур - Тошкент” рейсига уланган. Рейслар сешанба ва якшанба кунлари амалга оширилмоқда. Бундан олдин эса Миллий авиакомпания Жиддага парвозларни “Ҳаж” дастури доирасида фақат чартер асосида бажарар эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ҳаво йўллари

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг