“Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолёт чипталари учун 30 фоиздан 50 фоизгача чегирма эълон қилди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
18375“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Янги йил муносабати билан чипталар учун 30 фоиздан 50 фоизгача чегирма эълон қилди. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, чегирмалар 1-3 январь кунларидаги барча маҳаллий қатновлар учун амал қилади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ чегирмалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 3 декабрдаги “2021-йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида жорий қилинганини эслатмоқда.
Янги йил байрамини нишонлаш даврида белгиланаётган чегирмалар миқдорига кўра қуйидагича таснифланган:
• индивидуал йўловчилар учун - 30%;
• туристик гуруҳлар (5 ва ундан ортиқ киши), мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, жумладан бошқа идораларнинг махсус ўқув юртлари талабалари ва тингловчилари учун - 40%;
• оила (2 ва ундан ортиқ киши, яъни: эр ва хотин, эр ва хотин ҳамда уларнинг 18 ёшгача бўлган болалари, 18 ёшгача боласи бўлган ота ёки 18 ёшгача боласи бўлган оналар) учун - 50%;
• нафақахўрлар учун - 50%;
• ногиронлиги бўлган шахслар учун - 50%;
• 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар учун - 50%;
• 1941-1945 йиллардаги уруш пайтида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар учун - 50%;
• Чернобил АЭСидаги фалокат оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлар учун - 50%.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Миллий авикомпаниядан анча мард чиқиб, 28 декабрдан 2021 йилнинг 10 январигача ўқувчи ва талабалар учун 50 фоизлик чегирмалар берган эди.
LiveБарчаси