“Uzbekistan GTL”да безорилик қилганларга жиноят иши очилди. Етказилган зарар ҳисобланди

Жамият 10421
image

Жорий йилнинг 21 октябрь куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводида ишчилар тартибсизлик уюштиргани ҳақида хабар берган эдик. 

Тартибсизлик вақтида ишчилар эшик ва дераза ромларининг ойналарини тош ва темир жисмлар билан уриб синдиришган, яроқсиз ҳолатга келтиришган эди. Мана шу тартибсизликлар ишчилар вақтида 19 турдаги 14 миллион 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги 4 миллион 365 минг сўмлик ёзув столлари, 27 миллион 777 минг сўмлик кондиционерга, корхонанинг ҳаммаси бўлиб 480 миллион сўмлик мол-мулкига шикаст етказишгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Қашқадарё газетаси” хабар берди.

Ҳодиса содир бўлган жой вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчилари томонидан кўздан кечирилган, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида жалб қилинган.

Заводда ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлиб  безорилик қилганларга нисбатан эса вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодекси 173-моддаси 2-қисми "в" банди ва 277-моддаси 2-қисми "б, в, е" бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, ишчилар норозилигига ошхонага киришдаги электрон тизимнинг ишламай қолгани сабаб бўлгани айтилди. Энергетика вазири Алишер Султонов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев “Ўзбекнефтьгаз” АЖ вакиллари воқеа жойига бориб, норозиликда иштирок этган ишчилар билан учрашди.

Тартибсизликлардан кейин Энергетика вазирининг ўринбосари Беҳзот Норматов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда ишчилар талаби ўринли деб топилса, уларга жазо кўрилиши нотўғри бўлишини айтиб ўтганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 392
Рейтинг: 3
t
×