Ўзбек боксчилари қандай “тойчоқ” минади? (1-қисм)
Спорт
−
21 Август 2023
31560Жаҳон ва Осиё чемпионатларида ўзбекистонлик боксчилар томонидан эришилаётган натижалар, профессионал боксда ҳам ўзбекларнинг кўпайиб қолгани мамлакатда бу спорт турининг борган сари ривожланаётганидан далолат. Аммо бугунги кунда бокс бу нафақат куч, истеъдод тимсоли, балки аллақачон бойлик манбаига ҳам айланиб қолди. Чунки яхши натижа эса яхши даромад дегани.
Бугунги кунда ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари йирик мусобақалар учун ўз устида тинимсиз ишлаш баробарида, шахсий имидж ва албатта шахсий автомобилларига ҳам эътибор қаратмоқда.
QALAMPIR.UZ ўзбекистонлик боксчиларнинг қанақа автомобилда юриши ва қайси маркадаги машиналарни ёқтиришига қизиқди.
Иқболжон Холдоров – Cobalt
Ҳаваскор боксдаги ёрқин фаолияти билан яхши таниш бўлган Иқболжон Холдоров яқингача Chevrolet Cobalt русумидаги автомобилда ҳаракатланган.
Спортчининг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, бироз вақт аввал у Cobalt’ни сотиб юборган. Холдоров тез кунда Gentra ёки Tracker машинасини харид қилмоқчи. Боксчи BMW русумидаги барча автомобилларни ёқтиради.
Ҳозирда Иқболжон профессионал боксда фаолият юритмоқда. У охирги жангини апрель ойида мексикалик Элеазар Валензуэлага қарши ўтказиб, муддатидан аввал ғалаба қозонганди. Тез орада Холдоровнинг навбатдаги жанги бўйича янгилик эълон қилинади.
Шаҳрам Ғиёсов – Lixiang L9
Ҳаваскор боксда Олимпиада вице-чемпионлиги, дунё биринчилигида эса ғолибликни қўлга киритиб, ҳозирда профбоксда муваффақиятли фаолият юритаёган Шаҳрам Ғиёсов хориж автобрендлари ишқибози.
“Хорижий автомаркаларнинг тезлиги ва қулайлиги ёқади”, дейди Ғиёсов.
Боксчи ҳозирда қандай автомобиль ҳайдаётганини маълум қила олмаслигини, лекин тез орада янги машина харид қилишини билдирди.
Спортчи яқин икки ҳафта ичида янги Lixiang L9 эгасига айланади.
Lixiang L9 автобренди Хитой давлатига тегишли бўлиб, 2022 йилда иш бошлаган. Ғиёсов харид қилаётган русум эса сўмга чақилганда 833 миллион сўмга яқин нархни ташкил этади.
Шаҳрам Ғиёсовнинг севимли автомобили эса Mercedes-AMG GLC ҳисобланади.
Ғиёсов 2016 йилги Рио Олимпидасида кумуш медалга эга чиққани учун, унга Президент совғаси – Malibu 1 совға қилинганди. Спортчига кўра, ҳозирда Malibu'дан спортчининг отаси фойдаланмоқда.
Ҳасанбой Дўсматов – Gentra
Олимпия ва жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳам ҳозирда Chevrolet Gentra русумидаги автомобилни ҳайдайди. Спортчи ўз вақтида машинани 14 минг АҚШ долларига харид қилган. Дўсматовга кўра, у учун ҳозирги автомобили жуда қулай.
Дўсматов ҳам кўпгина бошқа спортчилар каби Mercedes-Benz маркасидаги “тойчоқ”ларни ёқтиради.
Рио-2016 Олимпидаси ғолиб чиққани учун Дўсматовга Malibu 1 автомобили берилганди. Спортчи кейинчалик Malibu’ни укасига бериб юборган.
Муроджон Аҳмадалиев – Gentra
Рио-2016 Олимпиадаси совриндори ва профбоксда WBA ва IBF камарларини қўлга киритган Муроджон Аҳмадалиев ҳам Gentra автомобилидан фойдаланади.
“Мен ҳам кўп қатори “котта боллани мошинаси”да юраман. 17 минг АҚШ доллари атрофидаги нархга сотиб олгандим. Тоғриси, Gentra’ни ҳам ўзим ҳайдамайман. Кўпроқ яқин укам Муҳаммадий машинада мени олиб юради”, дейди Аҳмадалиев.
Аҳмадалиевга ҳам Рио-2016 Олимпиадасиги натижаси учун Президент совғаси – Malibu 1 совға қилинганди. Маълум бўлишича, спортчи қадрли автомобилини қадрдонларига яъни оила аъзоларига берган.
MJ Kaka’га кўпроқ Mercedes-Benz ва BMW автобрендининг машиналари ёқади.
LiveБарчаси