“UzAutoMotors” ва Антимонополия ўртасидаги суд қайта бошланди. Илк кундан қўмита талаби рад этилди

Жамият

image

Бугун, 11 декабрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судининг апелляция инстанциясида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва “UzAutoMotors” АЖ ўртасидаги иш бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Суд мажлисида аввал “UzAutoMotors” АЖ вакили сўз олди. У судлов ҳайъатига мурожаат қилиб, ишни кўриш жараёнида давлат сири ва тижорат сири билан боғлиқ масала муҳокама қилинганида суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказишни сўради.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилининг келтирилган апелляция шикояти юзасидан фикри тингланди. Шикоятда келтирилган важлар юзасидан берилган саволларга жавоблари эшитилди.

Қўмита вакили томонидан судлов ҳайъатига илтимоснома киритилди. Унда ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖни жалб этиш ҳамда “UzAutoMotors” АЖ томонидан киритилган шикоят аризадаги имзони ҳақиқийлигини текшириш мақсадида хатшунослик экспертизаси тайинлаш сўралди.

Аммо судлов ҳайъати судга оид хатшунослик экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этди. Бундан ташқари, ишни кўришда тараф сифатида “Azimavtomotive” МЧЖни жалб этиш тўғрисидаги илтимоснома муҳокамаси “UzAutoMotors” АЖ вакиллари фикри тингланганидан кейинга қолдирилди.

Кейинги суд муҳокамаси жорий йилнинг 18 декабрь куни соат 10:30 га белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча ой муқаддам Монополияга қарши курашиш қўмитаси “UzAutoMotors” АЖ “Рақобат тўғрисида”ги қонун талаблари бузаётганлиги юзасидан иш қўзғатган эди. Шундан сўнг, махсус комиссия компания автомобиллар нархларини асоссиз оширганини тасдиқлади.

Шундан сўнг, компания махсус комиссия қарори устидан судга шикоят қилди. Судда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ютқазди. Кейинроқ эса ташкилот суд қарори устида апелляция шикояти киритганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

“UzAutoMotors” Монополияга қарши курашиш қўмита

Баҳолаганлар

607

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг