“Ўзатом” ва “Росатом” ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни имзолади
Жамият
−
24 Март 2476 4 дақиқа
Бугун, 24 март куни Тошкент шаҳрида ва Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак АЭС қурилиш майдончасида бўлиб ўтган тадбирлар доирасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди ҳамда дастлабки бетон ишларига расман старт берилди. Бу ҳақда “Ўзатом” хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом” агентлиги) ва “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси ўртасида атом ва унга ёндош соҳалардаги ҳамкорлик бўйича йўл харитаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича шартномага доир келишув имзоланган. Ҳужжатни “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзолаган.
Йўл харитаси ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олади: АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш босқичлари, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, атом энергетикасининг жамоатчилик томонидан қабул қилинишини таъминлаш, бўлажак атомчилар шаҳарчаси инфратузилмасини яратиш ва соҳани комплекс ривожлантириш.
“Йўл харитасининг имзоланиши Ўзбекистон ва Россиянинг атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлиги кенг қамровли характерга эга эканини тасдиқлайди. Бу ҳамкорлик мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади”, дейилади хабарда.
Шу билан биргаликда Жиззах вилояти Фориш туманидаги АЭС қурилиш майдончасида РИТМ-200Н реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларини бошлашга бағишланган маросим бошланган. Маросимни Ўзбекистон Республикасида АЭС қурилиши дирекция директори Абдужамил Калмуратов ва “Атомстроэкспорт” АЖ вице-президенти – Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳаси директори (“Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик дивизиони) Павел Безруков тантанали равишда очиб берган.
Ҳозирги вақтда реактор биноси остига бетон асос тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични жорий йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Жами 900 метр кубга яқин бетон қоришмаси ётқизилади. Ишлар якунида реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга асос тайёрланади.
Шунингдек, станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим имзоланган:
- 3+ авлодига мансуб ВВЕР-1000 реакторларига эга иккита энергоблок;
- РИТМ-200Н реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт).
Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради – бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади.
“АЭС қурилиши дирекцияси” давлат корхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг РИТМ-200Н реактор қурилмаларига эга иккита АЭС энергоблогини жойлаштириш майдонидан фойдаланиш учун рухсатнома олиниши Ўзбекистон Республикасида атом электр станциясини қуришга тайёргарликнинг муҳим босқичи бўлди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, экспертиза фаол тектоник ёриқлар, юқори сейсмиклик зоналари ёки жадал карст ҳосил бўлиш ҳудудлари каби АЭСнинг реактор қурилмаларига эга иккита энергоблогини жойлаштиришни тақиқловчи омиллар мавжуд эмаслигини тасдиқлаган. Ижобий хулоса танланган майдончанинг ядровий ва радиациявий хавфсизлик талабларига, экологик меъёрлар ҳамда техник стандартларга тўлиқ мос келишини намоён этади. Ушбу ҳужжат майдончадан фойдаланиш учун асосий ҳужжат бўлиб, ҳар қандай АЭСнинг ҳаётий циклидаги энг муҳим босқичлардан бири ҳисобланади.
У лойиҳанинг барча босқичларида максимал хавфсизликни таъминлаган ҳолда, батафсил лойиҳалаштириш, муҳандислик-тайёргарлик ва қурилишнинг кейинги босқичлари бўйича ишларни давом эттириш имконини беради.
“Ушбу лойиҳа, мамлакат энергия мустақиллиги ва барқарор ўсишининг асосий йўналиши сифатида атом саноатини ривожлантиришни шахсан қўллаб-қувватлаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қатъий назоратлари остида амалга оширилмоқда. Жадвал ва энг юқори хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда, биз босқичма-босқич олдинга кетяпмиз: бу ишлар ўз ичига бетон тайёргарлигидан реактор биносини қуришгача, ускуналарни ўрнатишдан токи энергия блокларини ишга туширишгача бўлган ишларни ўз ичига олади”, дейди Азим Аҳмедхўжаев журналистларга берган изоҳида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахдаги бўлажак атом электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун 10 минг кишилик моношаҳарча қурилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси