Ўз карьерасини хавф остига қўйишга журъат этган ноёб раҳбар эди – Байден Горбачёв ҳақида

Олам

image

СССРнинг биринчи ва ягона президенти Михаил Горбачёв “бошқа келажак”га эришиш йўлида ўз карьерасини хавф остига қўйишга журъат этган ноёб раҳбар эди. Бу ҳақда бугун, 31 август АҚШ Президенти Жо Байден кенг тарқалган ёзма баёнотида маълум қилди. 

Ошкоралик ва қайта қуриш ҳақида гапирар экан, у шундай таъкидлади:  

“Бу камдан-кам учрайдиган раҳбарнинг ҳаракати эди – бошқа келажак имкониятларини кўриш учун тасаввурга эга ва унга эришиш учун бутун мартабасини хавф остига қўйиш жасорати бор эди. Натижада миллионлаб одамлар учун хавфсизроқ дунё ва кўпроқ эркинликка эришилди”, дейди Америка раҳбари.  

Шунингдек, у Горбачёвни “ажойиб узоқни кўра оладиган одам” деб атаган. 

Вашингтон маъмурияти раҳбарининг сўзларига кўра, ўшанда фақат бир нечта юқори мартабали совет амалдорлари ниманидир ўзгартириш кераклигини тан олишга журъат эта олган.

“Сенатнинг ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси сифатида мен унинг бу ва бошқа ишларни қилганини кўрганман. СССР раҳбари сифатида у Президент Рейган билан мамлакатларимизнинг ядровий арсеналларини қисқартириш, бутун дунё бўйлаб ядровий қуролланиш пойгасини тўхтатиш учун ибодат қилаётган одамларга ёрдам бериш учун ишлади. Ўн йиллик шафқатсиз сиёсий репрессиялардан сўнг у демократик ислоҳотларни қабул қилди”, дейди Оқ уй раҳбари.

Унинг фикрича, СССРнинг биринчи ва ягона президенти ошкоралик ва қайта қуришга шунчаки шиор сифатида эмас, балки Совет Иттифоқи халқларининг узоқ йиллик ёлғизлик ва маҳрумликдан кейин олға интилиш йўли сифатида ишонган.

Байденнинг айтишича, 2009 йилда Оқ уйда АҚШ вице-президенти сифатида у Горбачёв билан икки давлатнинг ядровий арсеналларини қисқартириш борасидаги ишларини узоқ вақт муҳокама қилган.

“Дунё бўйлаб кўпчилик уни нега ҳурмат қилишини тушуниш осон эди. Биз унинг оиласи ва дўстларига ҳамда унинг яхши дунёга бўлган ишончидан баҳраманд бўлган барчага чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз”, дея хулоса қилди давлат раҳбари.

Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда туғилган. У 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.

Горбачёв 1991 йил 25 декабрда СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди, шу билан бирга Совет Иттифоқи ўз фаолиятини тўхтатди. Горбачёв жамғармасида сақланадиган меҳнат дафтарчасида унинг давлат раҳбари лавозимини тарк этгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Горбачёв

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг