Ўтган мавсумнинг энг кўп даромад қилган клуби эълон қилинди
Спорт
−
24 Январь
1680Мадриднинг “Реал” клуби 1 миллиард евродан ортиқ даромад олган биринчи футбол клубига айланди. Клубнинг 2023/24 йилги мавсумдаги молиявий муваффақияти “Сантьяго Бернабеу”ни модернизация қилиш билан боғлиқ бўлиб, янгиланган стадион клуб даромадини икки баробарга ошириш имконини берди. Бу ҳақда “Deloitte Football Money League” рейтингида маълум қилинди.
Рейтингда 2023/24 йилги мавсумда энг кўп даромад олган 20 та футбол клуби келтирилди. Умуман олганда, рейтинг иштирокчилари рекорд даражадаги 11,2 миллиард евро ишлаб олди, бу ўтган мавсумдаги 10,5 миллиард евродан 6 фоизга кўп.
Рейтингнинг юқори поғонасида “Реал Мадрид” жойлашди. Клубнинг 2023/24 йилги мавсумдаги даромади 1,045 миллиард еврони ташкил қилди.
Маълум бўлишича, Мадрид клубининг молиявий муваффақиятига “Сантьяго Бернабеу” стадионини реконструкция қилиш ишлари якунлангани сабаб бўлган. Бу ўйин кунлари даромадларининг сезиларли ўсишига ёрдам берган ва клуб ўтган йилга нисбатан 248 миллион евро кўпроқ даромад қилди.
Бу ўсишга асосан 76 миллион еврога яқин даромад келтирган шахсий ўриндиқлар лицензияларини сотиш, шунингдек, янги VIP ўриндиқларни сотиш ва 2023 йил декабридан стадион сиғимини ошириш ҳисобига эришилган. Клуб, шунингдек, товарлар савдосининг кўпайиши ва янги ҳомийлик шартномаси туфайли тижорат даромадларини 20 фоизга (403 миллион евродан 482 миллион еврогача) ўстира олди.