Урушларга сарфланган пуллар бунёдкорликка йўналтирилиши керак – Жапаров
Олам
−
25 Сентябрь
3288Етакчи давлатлар қуролли кучларни яратиш ва ривожлантириш, уларнинг арсеналларини кўпайтириш ва янги, янада бузғунчи қурол турларини ишлаб чиқиш учун катта миқдордаги маблағни йўналтирмоқда. Бу кўплаб давлатлар ва халқлар ҳалигача асосий хизматлар – сув, тиббий ёрдам, таълимдан фойдаланиш имконига эга бўлмаган дунёда содир бўлмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров кеча, 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси умумий муҳокамасида айтиб ўтди.
У Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқот институти маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда, жаҳон ҳарбий харажатлари 2023 йилда 6,8 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 2,5 триллион долларни ёки жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 2,3 фоизини ташкил қилганини кўрсатди.
“Шу билан бирга, урушлар ва қуролли можаролар қашшоқлик ва тенгсизликни янада кучайтиради. Уруш, вайронагарчилик, ўлимга йўналтирилган пул бутун инсоният учун глобал муаммоларни ҳал қилиш, иқлим ўзгаришига қарши курашда мамлакатларга ёрдам бериш, оммавий кўчиш ва глобал миграциянинг олдини олиш учун ишлатилишига ишонч ҳосил қилишимиз керак”, дейди Жапаров.
Қирғизистон Президенти мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизлик ўсишда давом этаётганини таъкидлади.
"Жаҳон етакчилари ўнлаб йиллар давомида қашшоқликка барҳам бериш зарурлиги ҳақида гапириб келади, лекин ҳар сафар бунга иродалари етишмайди. Африка, Жанубий Осиё ва Лотин Америкаси давлатлари доимий молиялаштириш ва халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмасликка дуч келишда давом этмоқда", дейди у.
Президентнинг қўшимча қилишича, “иқтисодий пирамиданинг пастки қисмида жойлашган” мамлакатлар соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳаларига сармоя киритишга муҳтож.
“Дунё муҳим танлов олдида турибди. Биз қурол ишлаб чиқаришни давом эттиришимиз, ҳарбий кучлар орқали хавфсизликни таъминлашимиз ёки қашшоқликни бартараф этиш ва энг заиф одамларни қўллаб-қувватлашга қаратилган барқарор ривожланиш йўлини танлашимиз мумкин", дейди Жапаров.
У ривожланган давлатларни қашшоқ мамлакатларга молиявий ёрдамни кўпайтиришга, уни инфратузилма лойиҳалари ва ижтимоий ривожланишга йўналтиришга ҳамда ўз иқтисодиётларини мустақил равишда ривожлантириш ва ташқи ёрдамга қарамликни камайтириш учун зарур технологияларни заиф давлатларга ўтказишга чақирди.
“Қашшоқ давлатлар, ўз навбатида, барқарор ривожланиш бўйича халқаро ташаббусларда фаолроқ иштирок этиши, тақдим этилаётган ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига олиши зарур”, деди Президент.
Шунингдек, Жапаров сайёрага таҳдид солаётган энг хавфли муаммолардан бири иқлим ўзгариши ҳақида ҳам сўз очди.
"Қирғизистон уч томонлама муаммога дуч келмоқда: тараққиётга сармоя киритиш, қашшоқликни камайтириш ва углерод нейтраллигига эришиш учун иқлим ўзгаришига мослашиш Ушбу соҳаларнинг ҳар бири, айниқса, мамлакатимиз ва заиф жамоалар учун иқлим барқарорлигини таъминлаш контекстида алоҳида молиялаштиришни талаб қилади. Ва биз шерикларимиз билан ҳамкорликда муваффақиятга эришишга қарор қилдик", дея қўшимча қилди у.
Президентнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ўзининг миллий сиёсатини амалга оширишда иқлим масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда ва 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришиш режаларини амалга оширмоқда.
"Энергиямизнинг 95 фоиздан ортиғи асосан гидроэнергетика ҳисобига ишлаб чиқарилади, бу эса ноль эмиссия мақсадига эришиш йўлидаги асосий омил ҳисобланади", деди Жапаров.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон Иссиқкўл қирғоғида инновацион “Асман” шаҳрини қуришни бошлаган, келаси йилда эса Кеминда “яшил шаҳар” яратишни режалаштирмоқда.
Жапаров, шунингдек, Қирғизистон БМТ Бош котибининг халқаро молиявий архитектурани ислоҳ қилиш ва ривожланаётган мамлакатлар учун қарз юкини камайтириш зарурлиги ҳақидаги позициясини қўллаб-қувватлашини, бу эса иқлим ўзгаришига қарши самарали курашиш имконини беришини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 22 сентябрь куни Садир Жапаров БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашган ва унга давлат қарзини “яшил” лойиҳаларга алмаштиришни таклиф қилганди.
LiveБарчаси