Эрдўған ТДТ давлатлари уйғурларни ҳимоя қилмоқчилигини айтди
Олам
−
25 Сентябрь
4455Туркий давлатлар ташкилоти Хитой билан уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мулоқот олиб бормоқда. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 24 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 79-сессиясидаги нутқида сўз очди.
Президент Эрдўған, Туркий давлатлар ташкилотининг босқичма-босқич алоҳида эътиборга молик ташкилотга айланиб бораётганини, кузатувчи давлатлар Венгрия ва Шимолий Кипр Турк Республикасининг иштироки билан ташкилот намунали ҳамкорлик моделига айланганини урғулади.
У ташкилотга аъзо давлатлар туркий дунё ўлароқ бирдамлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашини билдирди.
“Хитойнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳурмат доирасида, уйғурларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун Хитой билан яқин мулоқотдамиз”, дейди Президент.
Маълумот учун, Шинжондаги энг кўп сонли этник озчиликлардан бири уйғурлар бўлиб, уларнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. 2018 йил август ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маълум қилганидек, ушбу миллат вакилларининг 1 миллион нафарга яқин вакиллари Шинжон-Уйғур автоном районидаги “ахлоқ тузатиш лагерларида” ноқонуний ҳибсга олингани ҳақида маълумот олган. ХХР ҳукумати бундай хулосаларни бир неча бор рад этган.
Президент Дональд Трамп бошчилигидаги АҚШнинг аввалги маъмурияти 2021 йилнинг январида Шинжон-Уйғур автоном районида содир бўлаётган воқеаларни геноцид деб атаган эди. Жо Байден бошчилигидаги АҚШнинг ҳозирги маъмурияти бу айбловни такрорлади.
Маълумот учун, Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон, Ўзбекистон аъзо. Туркиядан бошқа давлатлар томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Венгрия ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь