Урушга қарамай Россияда ўзбекистонликлар кўпаймоқда
Олам
−
13 Сентябрь 2023
6138Россияда сўнгги ойларда содир бўлган мигрантлар билан боғлиқ муаммолар ва урушга сафарбарликка қарамай, мамлакатдаги ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, январь-август ойларида 28 минг 207 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 7,5 фоизга кўп. Эътиборлиси шундаки, уларнинг қарийб 72,5 фоизи (20 минг 450 нафар) Россияга жўнаб кетган.
Ўзбекистонликларни энг кўп ишга жалб қилган мамлакатлар рўйхатида иккинчи ўринни Жанубий Корея (3 минг 184 нафар), учинчи ўринни эса Буюк Британия (1 минг 809 та) банд этди.
Ўтган 8 ой ичида агентлик томонидан хорижга кетган мигрантларга турли ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, ҳозирда Россияда бўлган 1 минг 37 нафар одам ишга жойлаштирилди. Меҳнат мигрантларининг 8 минг 6 нафарига ижтимоий, 1 минг 993 тасига эса моддий ёрдам кўрсатилган.
Бундан ташқари, меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 676 минг АҚШ долларидан зиёд миқдордаги иш ҳақи ва компенсациялар ундириб берилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати армия сафини Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Улар кўпинча зўравонликка асосланган рейдлар орқали тўпланади. Ҳарбий комиссияларга олиб борилган муҳожирлар таҳдид ва калтаклардан сўнг Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлади.