Уруш давом этади: Хитой АҚШ маҳсулотларига божларни 125 фоизгача оширди

Олам

image

Хитой АҚШ маҳсулотларига бож ставкаларини 84 фоиздан 125 фоизгача оширди. Бу чоралар АҚШнинг Хитой импортига қўллаган божларини 145 фоизгача кўтаришига жавоб бўлди. Бу ҳақда Хитой Молия вазирлигига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Хитойнинг АҚШ маҳсулотларига қўйган янги бож ставкалари эртага, 12 апрелдан кучга киради. Хитой Молия вазирлиги ҳозирги бож ставкалари билан АҚШ маҳсулотлари мамлакатда бозор томонидан қабул қилиниши учун энди ҳеч қандай имкон қолмаганини билдирган. Шунингдек, вазирлик Дональд Трамп маъмуриятининг ҳаракатларини “анекдот” деб атаган ва уларни энди қарши чоралар кўришга арзигулик деб ҳисобламаслигини маълум қилган.

“Агар АҚШ кейинчалик Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга бож қўллашда давом этса, Хитой бунга эътибор қаратмайди”, дейилади Хитой Молия вазирлиги баёнотида.

“Euronews” ҳам божлар оширилгач, Хитой АҚШнинг тариф ўйинларига жавоб бермасликка ва уларни эътиборсиз қолдиришга қарор қилганини хабар бермоқда.

“Агар АҚШ бож ставкаларини янада оширса ҳам бу энди иқтисодий маънога эга бўлмайди ва жаҳон иқтисодиёти тарихидаги кулгили воқеага айланади. Бироқ агар АҚШ Хитой манфаатларига жиддий путур етказишда давом этса, Хитой қатъий жавоб чораларини кўради ва охиригача курашади”, дейилади Хитой Молия вазирлиги баёнотида.

Шунингдек, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Линь Цзянь ҳам баёнот бериб, Пекин савдо урушларини истамаслигини, бироқ улардан қўрқмаслигини айтган. https://qalampir.uz/news/khitoy-savdo-urushida-ak-shdan-k-urk-maydi-pekin-117242 

“Агар АҚШ муаммоларни мулоқот орқали ҳал қилишни хоҳласа, ҳаддан ташқари босим ўтказиш ва асоссиз чораларни бас қилиши керак. Бундай ҳаракатларнинг бизга таъсири йўқ”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, 2 апрель куни Дональд Трамп 185 та давлатга нисбатан бож ставкаларини жорий қилишини эълон қилган эди. Тарифлар 10 фоиздан 50 фоизгача бўлди. Бож жорий қилинган давлатлар рўйхатига Ўзбекистон ҳам киритилганди.

Шундан сўнг Хитой ҳам жавобан чоралар кўришини маълум қилиб, АҚШ маҳсулотларига 34 фоизлик қўшимча бож жорий қилди.

Кейин эса Трамп Хитойга ультиматум қўйди. Унга кўра, агар Хитой 8 апрелгача жавоб тарифларини бекор қилмаса, АҚШ яна қўшимча божларни киритиши керак эди https://qalampir.uz/news/khitoy-gapga-k-ulok-solmasa-tramp-uni-yana-zhazolamok-chi-117095 . Хитой эса божларни бекор қилмади ва оқибатда АҚШ Хитой маҳсулотларига бож ставкаларини 125 фоизгача оширди. Бошқа давлатларга нисбатан эса бож чораларини 90 кунга тўхтатди.

Хитой эса Трампнинг таҳдидларига бўйсунмаслигини ва Вашингтоннинг “шантаж”ларига ён бермаслигини билдирди. Пекин савдо урушида “охиригача курашиш”га тайёр эканини таъкидлади.

Охир оқибат Трамп яна бир бор Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга бож ставкаларини оширди – эндиликда улар 145 фоизни ташкил этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой бож савдо уруши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг