Урсула фон дер Ляйен Европа фаровонлиги Хитойга боғлиқ эканини тан олди

Олам

image

Бугун, 30 март куни Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг иқтисодий фаровонлиги ва миллий хавфсизлиги Хитой билан муносабатларнинг табиатига боғлиқ эканини маълум қилди.  Бу ҳақда у Меркатор хитойшунослик институтида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Хитой билан муносабатларимизни қандай ҳал қилишимиз иқтисодий фаровонлигимиз ва миллий хавфсизлигимизни ҳал қилувчи омил бўлади”, деган фон дер Ляйен.

Шунингдек, у Хитойнинг Украинадаги можаро бўйича позицияси Европа Иттифоқи ва Хитой муносабатлари учун ҳал қилувчи омил бўлишини айтган. Еврокомиссия раҳбари Европа Иттифоқи Хитой билан алоқаларни қисқартиришдан эмас, балки мувозанатни тиклашдан манфаатдор эканини таъкидлаган.

“Европа Иттифоқи Хитой билан муносабатларни қисқартиришдан манфаатдор эмас. Экспортимизнинг 9 фоизи ва импортнинг 20 фоизи Хитойга тўғри келади. Лекин биз бу муносабатларнинг хатарларини қайта кўриб чиқишимиз, уларни янада рақобатбардош ва адолатли қилишимиз ҳамда бу муносабатларнинг йўналишини ўзгартиришимиз керак”, деган Еврокомиссия раҳбари.

Фон дер Ляйен Хитой билан муносабатларни стресс синовидан ўтказишини, бу орқали Европа мазкур мамлакатга қайси соҳаларда қай даражада қарамлигини аниқлашини билдирган. Унинг айтишича, Европа Иттифоқи ноёб металлар бўйича 98%, литий бўйича 97% ва магний бўйича 93% Хитойга боғлиқ. Яшил технологияларни ривожлантирмоқчи бўлган Европа Иттифоқи учун эса ушбу таъминот жуда муҳим. Шунинг учун ҳам Евроиттифоқ мазкур таъминотни фаол диверсификация қилиш ниятида.

Бундан ташқари, Урсула фон дер Ляйен ўз чиқишида Европа Иттифоқи Хитойни ўзининг янги дунё тартибини илгари суриш ниятида, деб ҳисоблашини ҳам яширмаган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Урсула фон дер Ляйен Франция Президенти Эммануэль Макрон билан жорий йилнинг апрель ойи бошида Хитойга бориши айтилганди. Апрель ўрталарида эса Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель Пекинга бориши маълум бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Хитой Урсула фон дер Ляйен Европа Комиссияси Пекин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг