Боррель Хитойга бориши кутилмоқда
Олам
−
24 Март 2023
5652Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррель жорий йилнинг апрель ойи ўрталарида Японияга G7 Ташқи ишлар вазирлари саммитига кетаётиб, Пекинда тўхташи кутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 март куни дипломатик манбаларга таянган ҳолда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Манбага кўра, ташрифнинг аниқ санаси ҳозирча номаълум. Бироқ Боррелнинг Хитойга боришига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг Европа Иттифоқи раҳбарларига қилган мурожаати сабаб бўлгани тахмин қилинган.
Қайд этилишича, кеча, 23 март куни ЕИ саммитида БМТ Бош котиби Европа Иттифоқи раҳбарларини Хитойни яккалаб қўймасликка чақирган. У Европа Иттифоқини муносабатлари ёмонлашганига қарамай, Пекин билан ҳамкорлик қилишга таклиф қилган. Гутерриш иттифоқ мамлакатларини Хитой Европага ижобий муносабатда экани ва шу муносабатларни сақлаб қолиш ниятидалигига ишонтиришга уринган.
Таъкидланишича, Хитой мавзуси Европа Иттифоқи саммити кун тартибига киритилмаган, бироқ аъзо мамлакатлар вакиллари Пекин сиёсатига оид масалаларни муҳокама қилган. Хусусан, тадбирда савдо ва Украинадаги вазият ҳақида сўз борган. Европа Иттифоқининг айрим етакчилари эса Украина Президенти Владимир Зеленский билан шахсан учрашганида Россия Федерациясига ҳарбий ёрдам бермаслиги учун Пекинга босим ўтказиш иш беришига ишончлари комил эмаслигидан хавотир билдирган.