Урганч халқаро аэропорти 5 августдан очилади
Жамият
−
02 Август
2773Урганч халқаро аэропорти белгиланган қурилиш-таъмирлаш ишлари муддатидан аввалроқ якунлангани боис 5 август куни очилади. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, режага мувофиқ таъмирлаш ишлари аэропортда 7 августга қадар амалга оширилиши лозимлиги ҳақида хабар берилган. Аммо қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан аввалроқ якунланган.
“Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, икки ҳафта ичида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, узунлиги 3000 м ва эни 45 м бўлган учиш-қўниш йўлаги қопламаси алмаштирилди ва мустаҳкамланди, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланди. Бу аэропортга Boeing 787 ва Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қилиш ва ўз навбатида Урганч шаҳрига рейслар сони ва йўловчилар оқимини кўпайтириш имконини беради”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошлангани муносабати билан жорий йилнинг 20 июль куни ўз фаолиятини вақтинча тўхтатганди. Реконструкция даврида барча рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилган ва барча йўловчилар Нукус аэропортигача транспорт билан таъминланган.
Урганч шаҳридаги учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш ишлари охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган эди.
LiveБарчаси