UNICEF миллиардлаб болаларни қийнаётган муаммо ҳақида маълумот берди
Олам
−
04 Декабрь 2020
5105Бутун дунё бўйича тахминан 3 дан 17 ёшгача бўлган 1,3 миллиард боланинг уйида интернет мавжуд эмас. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 36 миллион ўғил-қизнинг уйда интернет йўқ – бу минтақадаги барча мактаб ўқувчиларининг 42 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Халқаро электралоқа иттифоқининг (ХЭИ) янги ҳисоботида айтилган.
Янги маъруза муаллифларининг таъкидлашича, 24 ёшгача бўлган ёшлар, яъни талабалар ҳам худди ана шундай муаммога дуч келмоқда. Бутун дунёда уларнинг 759 миллионида интернет йўқ.
“Шунча болалар ва ёшларнинг уйда интернетга кириш имконининг йўқлиги, бу улкан рақамли бўлиниш, ҳақиқий рақамли тафовут белгисидир”, деди UNICEF ижрочи директори Генриетта Фор.
Унинг фикрича, дунё бўйлаб интернетдан маҳрум бўлган болалар турли хил қийинчиликларга дуч келишади. Улар бутун дунёдан ажралиб қолишади ва замонавий иқтисодиётда рақобатдош бўла олишмайди. COVID-19 сабабли мактаблар ёпилган айни вазиятда бу ҳолат болалар ва ёшларнинг таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади.
“Очиғини айтамиз: интернетга киришнинг имконсизлиги ёш авлодни келажакдан маҳрум қилади”, дейди UNICEF раҳбари.
COVID-19 туфайли мактабларнинг ёпилиши дунё бўйлаб тахминан чорак миллиард ўқувчига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатди. Юз миллионлаб талабалар виртуал таълимга таянишга мажбур бўлди. Интернетга эга бўлмаганлар учун таълим олиш умуман имконсиз даражага етди.
Кўплаб ёшлар пандемиядан олдин ҳам XXI аср иқтисодиётида рақобатлашиш учун рақамли ва тадбиркорлик қобилиятига эга эмасди. COVID-19 пандемияси рақамли тафовутни янада кучайтириб, мамлакатлар ва ҳамжамиятларни ажратиб турган тенгсизлик даражасини давом эттирмоқда.
Камбағал оилалар ҳамда кам таъминланган мамлакатлардаги болалар ва ёшлар ўз тенгдошларидан янада ортда қолмоқда. Кам таъминланган мамлакатларда мактаб ёшидаги ҳар 20 нафар боланинг 1 нафари, бой давлатларда эса ҳар 10 боладан 9 нафари интернетдан фойдаланиш имкониятига эга.
Маълумотларга кўра, ушбу тенгсизликдан энг кўп қишлоқ болалари азият чекмоқда. “Қишлоқ аҳолисини интернетга улаш қийинлигича қолмоқда”, деди Халқаро электралоқа уюшмаси Бош котиби Хоулинь Чжао. У 2020 йилда қишлоқ жойларининг муҳим қисми интернет билан қамраб олинмаганлигини эслатиб ўтди.
Айрим фактларга эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Уйда интернетга эга бўлмаган 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган мактаб ёшидаги болалар:
• Ғарбий ва Марказий Африкада – 95 фоиз;
• Шарқий ва Жанубий Африкада – 88 фоиз;
• Жанубий Осиёда – 88 фоиз;
• Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада – 75 фоиз;
• Лотин Америкаси ва Кариб ҳафзаси мамлакатларида – 49 фоиз;
• Шарқий Европа ва Марказий Осиёда – 42 фоиз (36 миллион);
• Шарвий Осиё ва Тинч океани минтақаларида – 32 фоиз (183 миллион);
• Бутун жаҳонда – 67 фоиз (1,3 миллиард)ни ташкил этади.
Янги маъруза муаллифларининг таъкидлашича, интернетга киришнинг ҳақиқий ҳолати бугунги кунда келтирилган кўрсаткичлардан ҳам ёмонроқ. Болаларни рақамли технологиядан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қиладиган бошқа кўплаб омиллар мавжуд. Улардан бири бу рақамли кўникмаларнинг паст даражада эканлигидир. Бундан ташқари, болалар уйда интернет бўлса ҳам, оилада етарли миқдорда гаджет йўқлиги сабабли ҳам улар тармоққа кира олмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь