Дунёда силга чалиниш рекорд даражада кўпайди – ЖССТ
Саломатлик
−
30 Октябрь
2608Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сил касаллигига чалинишнинг глобал мониторингини бошлаганидан бери энг юқори кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда ЖССТ ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботга кўра, сил касаллиги бўйича 2023 йилда 8,2 миллион кишига ташхис қўйилган, бу ўтган йилга нисбатан 0,7 миллионга кўпдир.
“2023 йилда сил касаллиги яна ўлимнинг етакчи юқумли сабабига айланди ва COVID-19’ни ушбу позициядан чиқариб юборди”, дейилади ҳисоботда.
Сил касаллиги билан боғлиқ ўлимлар сони 2022 йилги 1,32 миллиондан 2023 йилда 1,25 миллионга камайган бўлса-да, касалларнинг умумий сони 10,8 миллионга етган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сил касаллиги дунёда дори-дармонларга чидамлилиги билан тарқалишини “инқироз омили” деб ҳисоблади, шунингдек, касалликнинг олдини олиш ва даволаш чораларини молиялаштиришни камайтиришга эътибор қаратди.
“Йиллик молиялаштириш мақсади 22 миллиард долларни ташкил этган ҳолда, 2023 йилда атиги 5,7 миллиард доллар ажратилди, бу глобал миқёсда талаб қилинадиган сумманинг 26 фоизини ташкил этади”, дейилади ЖССТ ҳисоботида.
Шунингдек, ЖССТ сил касаллиги хавфини оширадиган бешта асосий омилни санаб ўтди: тўйиб овқатланмаслик, ОИВ инфекцияси, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, чекиш (айниқса эркаклар орасида) ва диабет.
Маълумот учун, сил турли аъзолар, асосан, ўпкада ўзига хос яллиғли ўзгаришлар рўй бериши билан тавсифланадиган юқумли касаллик тури ҳисобланади. Сил касаллигининг охири ўлим билан тугайди. Сил одамлардан ташқари, уй ҳайвонлари (асосан, қорамол), уй паррандалари (товуқ, курка)га ҳам юқиши мумкин. Сил ҳаммадан кўп ҳаводаги томчилар орқали тарқалади: йўталганда, аксирганда микобактерияли балғам ва шиллиқ зарралари ҳавога тарқалиб атрофидаги буюмларга тушади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ дунёда юқумли касалликлар, хусусан, грипп, кўк йўтал, сил ва қизамиқ каби касалликлар кўпайиши кузатилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев