UNICEF фавқулодда операция учун рекорд даражада маблағ сўради

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) 2021 йилги фавқулодда операциялари учун донорлардан 6,4 миллиард доллар сўради. Бу ташкилот тарихидаги айнан шу мақсад йўлида сўралган энг катта маблағ ҳисобланади

Сўралган маблағ 300 миллион кишига, жумладан, 190 миллион нафар болага, шунингдек, фарзандли оилаларга ва ҳомиладор аёлларга ёрдам бериш учун сарфланади. 

Қайд этилишича, UNICEF 2021 йил учун 2020 йилга нисбатан 35 фоиз кўпроқ маблағ талаб қилган. Бу бутун дунёда COVID-19 пандемияси туфайли инсонпарварлик эҳтиёжларининг кескин ўсиши билан боғлиқ.

“Даҳшатли пандемия турли можаролар, иқлим ўзгариши, табиий офатлар билан биргаликда болалар учун ҳалокатли оқибатлар келтириб чиқариши мумкин”, деди UNICEF Ижрочи директори Генриетта Фор.

У донорлар дунёдаги болаларга ушбу қийин пайтлардан ўтишда ёрдам беришига умид билдирган.

2020 йилда гуманитар вазият ёмонлашишига янги можаролар бошланиши ҳам сабаб бўлган. Масалан, Эфиопиянинг Тиграй минтақасида бўлиб ўтган жанглар натижасида 2,8 миллион киши қашшоқликка дуч келган ва ёрдамга муҳтож бўлиб қолган. 

Мозамбикнинг Кабо Делгадо вилоятидан эса 425 мингдан зиёд одам кўчирилган, улар орасида 190 минг нафар бола бўлган.

2020 йилда болаларни ўлдириш, ўғирлаш ва аскар сифатида ишлатиш ҳақида хабарлар сони кўпаймоқда. Бундан ташқари, кучли бўронлар Марказий Америка ва Шарқий Осиёдаги ҳудудларни вайрон қилди. 

Пандемия Афғонистон, Бангладеш, Буркина-Фасо, Венесуэла, Конго Демократик Республикаси, Ливия, Украина ва Жанубий Судан каби давлатларда гуманитар вазиятни янада кескинлаштирди. 

Келаси йил март ойида Суриядаги можаролар бошланганига 10 йил, Ямандаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганига эса 6 йил тўлади. Шу икки мамлакатнинг ўзида деярли 17 миллион бола ёрдамга муҳтож.

Бугунги кунда деярли 36 миллион бола, (тарихдаги ҳар қандай даврга қараганда кўпроқ) можаролар, зўравонлик ва табиий офатлар туфайли кўчирилган ҳаётда яшамоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида болаларга очлик хавф солмоқда.

Аввалроқ, ташкилот дунё бўйича тахминан 3 дан 17 ёшгача бўлган 1,3 миллиард боланинг уйида интернет мавжуд эмаслигини маълум қилганди. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 36 миллион ўғил-қизнинг уйда интернет йўқ – бу минтақадаги барча мактаб ўқувчиларининг 42 фоизини ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

UNICEF

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг