Умра лицензияси учун аризаларни қабул қилиш бошланди

Жамият

image

Умра лицензиясини олиш учун тадбиркорлик субъектларидан аризаларни қабул қилиш бошланди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита сайтида эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори қабул қилинган ва Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган этиб белгиланган.

Лицензия – “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун якка тартибдаги лицензия сифатида юридик шахсларга тақдим этилади.

Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:

1. Ариза. Унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;
  • тадбиркорлик субъекти раҳбари ва ходимларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, манзили, паспорт (идентификацияловчи ИД-карта) маълумотлари;

2. Лицензия талабгори томонидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг “Зиёрат” жамғармасига 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тўланганини тасдиқловчи ҳужжат.

3. “Умра” тадбирлари давомида зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузилган шартнома нусхаси;

2025 йилда Умра зиёратчилари учун нархлар ва талаблар қандай? north_east

2025 йилда Умра зиёратчилари учун нархлар ва талаблар қандай?

4. “Умра” хизматлари кўрсатиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлигининг “Умра” лицензиясига эга бўлган ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартнома нусхаси;

5. Зиёратчиларни ташиш ва парвозларни амалга ошириш бўйича авиакомпания(лар) тузилган ҳамкорлик шартномаси нусхаси;

6. Тадбиркорлик субъектининг зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун замонавий жиҳозланган бинода фаолият юритиши тўғрисидаги маълумот;

7. Тадбиркорлик субъектининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.

Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари. Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари. Дин ишлари бўйича қўмита томонидан жорий йил 7 мартдан 7 апрелга қадар (шу куни ҳам 18:00 га қадар) тадбиркорлик субъектларидан лицензия учун аризаларни қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 9 октябрь куни “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 300-сонли қарори қабул қилиниб, Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясининг янги шартлари эълон қилинганди. Кейинроқ, “Умра” тадбирларини ташкил қилиш учун лицензия бериш бўйича танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ 12 та тур фирма танлов ғолиби деб топилди. Сайёҳлик фирмаларининг 6 таси Тошкент шаҳрида, 3 таси Наманган вилоятида жойлашган. Шунингдек, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам биттадан лицензияга эга фирмалар жойлашган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Умра лицензия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг