Уларни Россия мувофиқлаштирган – Украинада масжидни ёқишга уринган неонацистлар ушланди

Олам 5966
image

Украинада қримтатарлар байроғи ва мамлакат Конституцияси куни арафасида Одесса вилоятида масжидга ўт қўйишга уринган неонацистлар қўлга олинди. Бу ҳақда Украина Хавфсизлик хизмати хабар берди.

УХХ икки нафар неонацист теракт уюштириб, Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга ва мамлакатдаги конституцион тузумни ағдаришга уринганини аниқлаган. Хавфсизлик хизмати ушбу режани Россия Федерацияси махсус хизмати вакиллари мувофиқлаштириб турганини тахмин қиляпти.

25 июндан 26 июнга ўтар кечаси ўтказилган махсус операцияда масжидни ёқишга уринган неонацист ташкилоти аъзолари қўлга олинган. Улар ёнувчи суюқлик тўлдирилган иккита шиша идиш билан масжидни ёқмоқчи бўлган. УХХ қўлга олинганлардан бири узоқ РФда бўлиб қайтганини аниқлаган.

Алоҳида ўтказилган тинтувда қўлга олинганларнинг яшаш жойидан теракт уюштириш режалаштирилганини исботловчи қайдлар, ёнувчи воситалар топилган.

Ҳозир неонацистлар Украина Жиноят-процессуал кодексининг 208-моддаси билан қўлга олинган. Улар Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этиш билан айбланяпти.

Ҳозирда судгача тергов ҳаракатлари олиб бориляпти. Қайд этилишича, махсус операция Одесса вилояти прокуратураси раҳбарлигида ўтказилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 148
Рейтинг: 3.1
t
×