“Улар ўз хоҳиши билан чайлада яшамоқда”. Сардобадаги ҳолат бўйича муносабат билдирилди
Жамият
−
13 Октябрь 2020
16889Бироз аввал, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Рашидова Болалар омбудсмани Алия Юнусова билан "Сардоба фожиаси"да жабр кўрган Оқолтин туманида бўлиб, ҳамон уйсиз қолган оилалар чайлаларда яшаётгани ҳақида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълумот қолдирган эди. Мазкур ҳолат жамоатчилик эътиборини яна жорий йилнинг май ойида Сирдарё вилояти Сардоба туманида жойлашган "Сардоба" сув омбори ёрилиши ва унинг оқибатларига қаратди.
Куз мавсуми бошланганига бир ярим ой тўлди. Сардоба фожиаси рўй берганига эса 5 ярим ой. 5 ойдан зиёд вақт давомида айрим сардобаликлар ҳамон фарзандлари билан кўчалардаги чайлаларда яшаётгани жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Суратлар ва ундаги изоҳларга, жумладан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаеванинг кўзи билан кўриб, ўзи гувоҳ бўлган ҳодисаларга Оқолтин тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Оқолтин туманининг 500 номли қишлоғидаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари А.Ибодуллаев ҳамда Шодлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Аллабердиев иштирокида ўрганиш олиб борилган.
"Дастлаб ижтимоий тармоқларда гўёки куннинг совуқ бўлишига қарамай, аҳоли бошпанасиз истиқомат қилаётганлигини акс эттирувчи суратлар олинган чайлага борилди.
Ҳақиқатан ҳам айни кунларда чайлада яшаётган фуқаролар мавжуд бўлиб, бироқ ушбу фуқаролардан нима сабабдан талафот кўрган ҳудудлардаги аҳоли учун ажратилган ётоқхонага жойлашмаётганликлари сўралганда, улар қуйидагича жавоб беришди. Жумладан:
Имонов Икром – уй-жой кўтариш ниятида қурилиш материаллари олиб келганман, яқинда қурилишни бошлайман, шу материалларимни қўриқлаб ўтирибман, бола-чақам қариндошларникида ҳеч қандай шикоятимиз йўқ.Имонов Шуҳрат – Яхши ниятларда чорва моллари боқяпман, мен буларни кимга ишониб ташлаб кетаман?
Мирзаев Боййигит – Президентимиз томонидан ажратилган 40 млн сўмга, талафот кўрган уйимни ўрнидан уй кўтаряпман, Худо хоҳласа тез кунларда битириб оламан, бу ердаги қурилиш материалларига ҳам кимдир кўз-қулоқ бўлиб туриш керак-ку, энди аёллар тушуниб-тушунмай бирон нима дегандир-да, лекин ҳеч қандай шикоят қиладиган жойимиз йўқ, қолаверса, 1-2 кун ичида янги қурилган кўп қаватли уй-жойларга кўчиб ўтамиз.
Шунингдек О.Пардаев ҳамда А.Эшбековларнинг эски ҳовлисига борилганда, ҳеч ким яшамаётганлиги аниқланди. Қўшниларининг гувоҳлик беришича, улар бу ерда яшамайди, маҳалла марказидаги қариндошлариникида туришади, кундуз кунлари ҳовли-жойидан томорқасидан келиб хабар олиб-туришади деган жавобни олдик.
Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, туман ҳокимияти томонидан уларга қулай шароит ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган ётоқхоналардан жой ажратилган бўлиб, вақтинча яшаш учун таклиф берилган, бироқ улар мазкур таклифга қатъий рад жавобини берган ҳолда, ўзларининг хонадонлари ўрнида шароит яратиб, яшаб келмоқда. Ушбу ҳолатда мутасаддиларини ҳаракатсизликда айблаш нотўғри бўлиб, асл моҳиятдан келиб чиқиб иш тутилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Зеро ушбу фуқроларни ҳеч ким бу каби шароитда яшашга мажбур қилмаган.
Шундан англаса бўладики, мақола ва суратларда акс этган яшаш шароити айрим фуқаролар томонидан ўз хоҳиши билан яратилган. Улар эътибордан четда қолмаган ва қолмайди ҳам.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, Оқолтин туманидаги 3 та маҳаллада 3518 (Шодлик МФЙда1351 та, Саховат МФЙ да 725 та, Ахиллик МФЙ да 1442 та) та хонадон сув тошқинидан зарар кўрган бўлиб, шундан 466 (Шодлик МФЙ да 375 та, Саховат МФЙ да 31 та, Ахиллик МФЙ да 60 та) таси яроқсиз, 732 (Шодлик МФЙда 442 та, Саҳоват МФЙ да 173 та, Ахиллик МФЙ да 119 та) таси таъмирталаблиги аниқланган.
Хусусан, юқорида номи келтирилган “Шодлик” маҳалласининг “Бешюз” қишлоғида 102 та хонадон, 125 та оила мавжуд бўлиб ушбу хонадонларда 425 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сув тошқини натижасида ушбу ҳуддуддаги 86 та уй-жойларга жиддий зарар етказилган. Ишчи гуруҳи томонидан шакллантирилган рўйхатга кўра, дастлабки босқичда 70 та хонадон буткул талафот кўрган деб топилиб, уларга янги ва барча замонавий қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлардан ажратиш белгиланган.
Шу жумладан, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар яқин кунлар ичида ўзларининг янги хонадонларига кўчиб ўтишларини маълум қиламиз", дейилади туман ҳокимияти хабарида.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам сардобаликларнинг кўп қисми мактабларда яшаётганини танқид қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь