Сирдарёда 19 бош молни ўғирлаган жиноий гуруҳ қўлга тушди (видео)
Жамият
−
19:04 540 1 дақиқа
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида фуқароларга тегишли 19 бош чорва молини ўғирлаб, сотиш орқали даромад топиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, гумонланувчилар олдиндан тил бириктириб, туманда еттита ҳолатда жами 19 бош чорва молини ўғирлаган. Уларнинг ҳаракатлари оқибатида жабрланувчиларга 145,5 миллион сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Сардоба тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўғирланган чорва молларидан айримлари эгаларига қайтарилган. Жабрланувчилардан бири тирикчилиги чорвачиликка боғлиқлигини айтиб, йўқолган моли топилгани учун ички ишлар ходимларига миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 20 дан ортиқ қорамолни ўғирлаб, бозорларда сотган уч киши қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси