Украинага ҳужумда жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар борми?
Жамият
−
24 Февраль 2022
14174Россия томонидан Украина ҳудудида амалга оширилаётган ҳарбий операцияларда қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борми? Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуф Қобулжонов жаовб берди.
“Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотига кўра, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган”, дейди расмий вакил.
Унинг қайд этишичаҳозирда Украина ҳудудида 4300 га яқин Ўзбекистон фуқароси бўлиб турибди. Шу билан бирга, ўзбекистонлик фуқаролар рўйхати янада аниқлаштирилмоқда.
Қобулжонов Украинадаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилаётганига ҳам аниқлик киритган.
“Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилганини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жойи ишлаб чиқилмоқда.
Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади”, дейди Ўзбекистон Ташқи идораси вакили.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь