Украинадан ғаллани олиб чиқиш қаердан бошланиши айтилди

Олам 5450
image

Украина ғалласини экспорт қилишни тиклаш Черноморск портидан бошланади. Бу ҳақда Украина Инфратузилма вазири ўринбосари Юрий Васьков маълум қилди. 

“Келгуси 24 соат ичида биз портларимиздан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни қайта тиклаш устида ишлашга тайёрмиз. Гап "Черноморск" порти ҳақида бормоқда. Кейин Одесса, кейин Южний порти бўлади”, дейди у. 

Васьковнинг таъкидлашича, Украина икки ҳафта ичида барча учта портдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишга техник жиҳатдан тайёр бўлади. 

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бугун карвонларни шакллантириш учун кемалар келадиган жойларни белгиловчи ҳужжат тасдиқланади.  

"Умид қиламизки, биринчи жўнатма шу ҳафта ичида амалга оширилади", дея қўшимча қилди Васьков. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×