Дон йўлагининг Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази ёпилди
Олам
−
20 Июль 2023
4281Россия Дон келишувидан чиқиши муносабати билан Истанбулда бундан бир йил аввал ташкил этилган Қўшма мувофиқлаштириш марказининг фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда TRT канали Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Россия вакиллари Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш марказини тарк этган. Ҳозирда Туркия Ҳарбий департаменти Дон келишувининг тикланишига ҳамон умид қилмоқда ва тегишли идоралар орқали унинг иштирокчилари билан музокараларни давом эттиряпти. Мудофаа вазирлиги, шунингдек, дон йўлагига муқобил вариантни кўрмаётганини билдирган.
Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги вакили ғалла йўлаги бўйича келишув бекор қилинганидан кейин Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишнинг имкониятлари ҳақидаги саволга жавоб берган.
“Президентимиз таъкидлаганидек, биз бутун дунёда жуда фойдали деб эътироф этилган ташаббусни узайтириш тарафдоримиз. Бу борада барча томонлар билан маслаҳатлашмоқдамиз”, дейди у.
Қўшма мувофиқлаштириш марказининг фаолияти якунланганини Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ҳам тасдиқлади. Вазирлик вакили бу хабарнинг тўғрилигини билдирган ҳолда, батафсил маълумот билан бўлиша олмаслигини қўшимча қилди.
Маълумот учун, Истанбулдаги Қўшма мувофиқлаштириш маркази 2022 йилнинг 26 июлида ташкил этилган эди. Мазкур марказ Дон келишуви билан боғлиқ масалаларни амалий жиҳатдан тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида очилган.
Таъкидлаш жоизки, дунё дон савдосининг учдан бир улуши Россия ва Украина ҳиссасига тўғри келиб, ўтган йили бошланган уруш Қора денгиз орқали Украина донини эскпорт қилиш имкониятларини кескин пасайтириб юборди. Бу эса жаҳон бозорида озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва импорт донга боғлиқ бўлган баъзи қашшоқ мамлакатларда очарчилик хавфи юзага келишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида 2022 йилда Туркиянинг воситачилиги ва БМТнинг қўллови билан тўрт томонлама Дон келишуви имзоланганди. Қўшма мувофиқлаштириш маркази эса Украина ғалласини ташиш ва тақсимлашни таъминлаши кўзда тутилганди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча бор муддати узайтирилган Дон йўлаги келишуви жорий йилнинг 17 июль санасида якунига етди. Россия келишувнинг узайтирилмаслигига сабаб сифатида Қора денгиз коридори орқали ташилган доннинг асосий қисми ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлган давлатларга эмас, бой ва ўта бой мамлакатларга юборилганини келтирмоқда. Мамлакат битимга қайтиш учун ўз талаблари бажарилиши кераклигини таъкидлаяпти. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Россия Дон келишувига қайтмаган тақдирда муҳтож давлатларга донни текинга етказиб беришга тайёр.
LiveБарчаси