Москва дон шартномасига қайтиши мумкин, фақат...

Олам

image

Россия ғалла ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича меморандумни амалга оширишда аниқ натижалар бўлса, мамлакат дон йўлаги бўйича келишув муҳокамасига қайтади. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, БМТда Россия билан мамлакат дон ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича меморандумни бажариш учун уч ой вақт бор. 

Дипломатнинг айтишича, мамлакат БМТ ва Ғарбнинг навбатдаги кафолати ва ваъдаларига ишониб эмас, тузилган шартномадаги Россияга тегишли бандлари амалга ошганидан кейингина келишувга қайтишга рози бўлади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 17 июль куни Россия дон йўлаги бўйича келишувни тўхтатганини маълум қилди.  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Москванинг бу қарорини қоралади. 

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди.

Аввалроқ Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия раҳбари Владимир Путин дон шартномасини узайтиришга рози бўлганини айтиб чиққанди.

Бундан олдин эса Путин дон битими доирасида Россия учун ҳеч нарса қилинмагани, бу бир томонлама ўйин эканини билдирганди.

Маълумот учун, дон келишуви 2022 йил 22 июлда Истанбулда тузилган. У ерда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Туркия ва Украина иштирокида иккита ҳужжат имзоланган – Украинанинг учта портидан (Черноморск, Одесса ва Южний) ғалла экспорти учун йўлак яратиш ҳамда Россия озиқ-овқат ва ўғитларни экспорт қилиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида. Ташаббус 2022 йил ноябрида 120 кунга, мартгача, кейин яна икки марта – икки ойга узайтирилган. Якуний муддат – 17 июль куни тугаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Мария Захарова дон шартномаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг