Россия қашшоқ мамлакатларни оч қолдирмоқчи эмас
Олам
−
18 Июль 2023
12491Россия Дон келишуви муддати узайтирилмаган тақдирда муҳтож мамлакатларга Украина ғалласини текинга етказиб бериши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
Қайд этилишича, Песковдан Дон йўлаги ўрнини босувчи ташаббус йўлга қўйилиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, матбуот котиби Россия муҳтож мамлакатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилган.
“Афсуски, биз жуда кичик миқдорлар ҳақида гапирмоқдамиз. Чунки энг камбағал Африка давлатлари ғалла битимидан энг кам нарсани олишди”, дейди у.
Кремль вакилининг сўзларига кўра, Россиядан Африкага дон етказиб бериш масаласи жорий йилнинг июль ойи охирида Санкт-Петербургдаги саммитда муҳокама қилинади. Унинг айтишича, мазкур саммитда барча муаммоларни муҳокама қилиш имконияти бўлади.
“Биз африкалик ҳамкорларимиз билан алоқадамиз, бу алоқалар Санкт-Петербургдаги саммитда давом этади. Биз бунга тайёргарлик кўряпмиз ва уларни кутяпмиз”, дейди Песков.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг маълумот беришича, вазир Сергей Лавров бугун, 18 июль куни Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан муҳтож давлатларга дон етказиб беришнинг муқобил вариантларини муҳокама қилган. Томонлар Украина атрофида содир бўлаётган сўнгги воқеаларга урғу берган ҳолда минтақавий кун тартиби бўйича фикр алмашган.
Таъкидланишича, икки вазир суҳбат жараёнида Қора денгиз Дон йўлаги ташаббуси доирасидаги биргаликдаги ҳаракатлар натижаларини муҳокама қилган.
Маълумот учун, Дон келишуви 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жаҳон бозорида доннинг энг йирик экспортчиларидан бири бўлган Украинанинг маҳсулот етказиб бериш имконияти чекланиши ва бунинг оқибатида дон нархининг ошиши ҳамда қашшоқ мамлакатларда очарчилик хавфининг ортиши сабабли тузилган. Ундан мақсад Қора денгиз бўйлаб хавфсиз равишда дон ташишни амалга ошириш ҳисобланади. Озиқ-овқат таъминотидаги муаммони ҳал қилиш учун ўтган йилнинг апрель ойида Туркия мезбонлигида ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлови билан Дон йўлаги бўйича музокаралар бошланган ва 2022 йилнинг 22 июль куни бу бўйича 120 кунлик келишувга эришилганди.
Мазкур келишув 2022 йилнинг 19 ноябрига қадар давом этиши белгиланган эди. Бироқ Россия Қора денгиздаги кемалари дрон ҳужумига учраганини даъво қилиб, келишувни бир неча кунга тўхтатиб қўйди. Кейинроқ музокаралардан сўнг яна унга қайтганини эълон қилди. Дон келишуви 2022 йилнинг 17 ноябрь куни яна 120 кунга, 2023 йилнинг март ойида эса 90 кунга узайтирилиб, 2023 йил 17 июлга қадар чўзилгани маълум қилинди. Аммо Россия томони мазкур келишувни узайтиришга “сабаб кўрмаётганини” маълум қилди.
Россия Дон келишуви туфайли ташилаётган зарурий озиқ-овқат ҳақиқатда бунга муҳтож бўлган давлатларга эмас, дунёнинг энг бой мамлакатларига жўнатилаётганини даъво қиляпти. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Қора денгиздаги йўлак орқали ташилаётган дон адолатсиз тақсимланмоқда.
“БМТдаги Ғарбнинг тарафдорлари раҳбарлик қиладиган йўналишларда нималар содир бўлаётганига мисол келтираман. Дон келишуви. Очларни боқиш учун бошланган ҳаракат. Бугунги кунда камбағал давлатлар ундан қанча улуш олган деб ўйлайсиз? Яман, Судан, Афғонистон, Эфиопия, Сомали каби ҳақиқатдан ҳам муҳтож давлатлар. Уларга қанча етказиб берилади? Сизга айтаман – 2,5 фоиз! Икки ярим фоиз бу мамлакатларга энг камбағалларга етказиб берилгани айтилаётган миқдордан кетган. Ва умумий ҳажмнинг 81 фоизи ўртача даромад даражаси юқори ва энг юқори бўлган мамлакатларга юборилди. Буларнинг барчаси эса БМТ ҳомийлигида бўлмоқда. Ахир, БМТ Бош котибининг ўзи айтганидек, бу унинг шахсий ташаббуси, ҳаммасини у ўйлаб топган ва қўлда бошқаряпти”, деган эди Захарова “Sputnik” радиоси эфирида.
LiveБарчаси