Украинада уруш бошланганидан бери қанча аскар ҳалок бўлгани айтилди
Олам
−
19 Август 2023
11305Украинада уруш бошланганидан бери ҳар икки томондан ҳалок бўлган ёки яраланган аскарлар сони 500 мингга яқинлашди. Бу ҳақда Америка разведкасига таяниб, “The New York Times” газетаси хабар берди.
Расмийларнинг огоҳлантиришича, қурбонлар сонини тахмин қилиш қийинлигича қолмоқда, чунки Москва урушда ҳалок бўлганлар ва яраланганларни мунтазам равишда кам ҳисоблайди, расмий Киев эса рақамларни ошкор қилмайди.
Манбага кўра, Россия ҳарбийларининг қурбонлари сони 300 мингга яқинлашмоқда, жумладан, 120 минг киши ҳалок бўлган ва 170 мингдан 180 минг нафаргача ҳарбий жароҳат олган. Украинада ҳалок бўлганлар сони 70 мингга яқинлашган, яраланган аскарлар сони 100 мингдан 120 минггача етган бўлиши мумкин.
АҚШ разведкаси қурбонлар сони Украина жорий йил бошида қарши ҳужум уюштирганидан кейин кўпайганини билдирган.
Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк NYT’даги мақолани шарҳлар экан, бундай рақамларни фақат Бош штаб ошкор қилиши мумкинлигини айтган.
“Биз шундай моделни қабул қилдикки, фақат Бош штаб ярадорлар, ногиронлар, қўл-оёқларини йўқотганлар, бедарак йўқолганлар ва, албатта, бу урушда ҳалок бўлганлар сони тўғрисидаги рақамларни айтишга ҳақли”, деган у кеча, 18 август куни журналист Юлия Латининанинг Youtube-каналидаги жонли эфирда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украина Бош прокуратурасининг уруш даврида содир этилган жиноятларга қарши кураш бўлими бошлиғи Юрий Белоусов Украинада уруш бошланганидан буён 10,7 минг тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 15,5 минг фуқаро жароҳатланганини айтганди. UNICEF эса Украинадаги урушда ҳар куни 20 нафаргача бола ҳалок бўлаётганини маълум қилганди. Шунингдек, мамлакатда уруш оқибатида 50 мингга яқин одам бир ёки бир нечта тана аъзосидан айрилгани очиқланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь