Уруш оқибатида 50 мингга яқин украиналик қўл ёки оёғидан айрилган – WSJ
Олам
−
02 Август 2023
4173Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан буён 20 мингдан 50 мингтача украиналик бир ёки бир нечта аъзосидан айрилган. Бу ҳақда Украинанинг Houp Foundation хайрия ташкилоти ва протезлар ишлаб чиқарувчи немис компанияси Ottobock маълумотларига таяниб “The Wall Street Journal” хабар берди.
Қайд этилишича, Ottobock томонидан Украинада яшовчи 50 минг киши қўл-оёқсиз қолгани ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Бу миқдор ҳукумат ва тиббиёт муассасаларининг маълумотларига асосланган. Аммо уларнинг ҳақиқий сони бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, чунки протезлаш жараёни узоқ вақт талаб этади. Баъзи одамлар жароҳат олганидан кейин бир неча ҳафта ёки ойлар давомида оёқ-қўлларининг кесиб ташланишига қарши бўлади. Шунингдек, протезлаш жараёни 50 минг еврогача маблағ талаб қилгани учун ҳам ампутация операциялари узоқ вақтга чўзилиши мумкин.
Уруш бошида тана аъзоларидан айрилишнинг асосий сабаблари артиллерия ва ракета ҳужумлари оқибатида олинган жароҳатлар бўлса, ҳозирда кўплаб одамлар фронт чизиғидаги миналанган майдонларда жароҳат олмоқда.
Маълумотларга кўра, биргина Запарожье вилоятида касалхоналарга 40-80 фоиз ҳолатда беморлар оёқ-қўлларнинг ампутация қилинишига олиб келувчи жароҳатлар билан ётқизилмоқда.
Таъкидланишича, Ғарб тиббиёти Иккинчи жаҳон урушидан буён бундай кўламдаги жароҳатларга дуч келмаган.
Киевда жойлашган Houp хайрия жамғармасининг хабар беришича, 200 минг украиналик оғир жароҳатланган бўлиб, уларнинг 10 фоизида ампутация талаб қилинган.
“The Wall Street Journal”га кўра, бу кўрсаткичларни Биринчи жаҳон уруши билан таққослаш мумкин. Ўшанда 67 000 немис ва 41 000 Британия аҳолиси оёқ-қўлларини йўқотган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинани ҳар хил турдаги бомба ва снарядлардан бутунлай тозалаш учун 757 йил керак бўлиши айтилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь