Украинада Telegram’дан расмий қурилмаларда фойдаланиш тақиқланди
Олам
−
20 Сентябрь
1001Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг киберхавфсизлик бўйича миллий мувофиқлаштириш маркази ҳукумат органлари, ҳарбий қўшинлар ва муҳим инфратузилма объектларида Telegram мессенжеридан фойдаланишни чеклашга қарор қилди. Бу ҳақда Олий Рада матбуот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, расмий қурилмаларда мессенжерни ўрнатиш ва ундан фойдаланишни тақиқлаш давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, хавфсизлик ва мудофаа соҳаси ходимлари ҳамда муҳим инфратузилма корхоналарига тааллуқли. Telegram’дан фойдаланиш расмий вазифаларнинг бир қисми бўлсагина истисно қилинади.
Украина Хавфсизлик хизмати ва Украина Қуролли кучлари Бош штаби вакиллари Россия томони мессенжердан киберҳужумлар, фишинг ва зарарли дастурларни тарқатиш, шунингдек, фойдаланувчиларнинг геолокациясини аниқлаш ва ракета зарбаларини йўналтиришда фаол фойдаланаётганини даъво қилган.
Мамлакат Ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Будановга кўра, Россия махсус хизматлари Telegram фойдаланувчиларининг шахсий ёзишмаларига кириш имконига эга.
Маълумот учун, Украинада Telegram’ни тақиқлаш ҳақидаги муҳокамалар анчадан бери давом этмоқда. Ушбу қарор тарафдорлари мессенжерни заиф деб билади. Хусусан, Кирилл Буданов буни миллий хавфсизликка таҳдид деб ҳисоблайди. Францияда Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан кейин Олий Рада депутатлари мессенжер ишини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан, бироқ унинг ҳозирча якуний версияси мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль маъмурияти мессенжерлардан, жумладан, Telegram’дан расмий мақсадларда фойдаланмаслигини маълум қилган эди.
LiveБарчаси