Украина юзлаб дронлар билан Россиянинг 23 ҳудудига зарба берди
Олам
−
25 июл 4603 2 дақиқа
Бугун, 25 июлга ўтар кечаси Украина дронлари Россиянинг бир қатор ҳудудлари ҳамда аннексия қилинган Қримга ҳужум қилди. Зарба оқибатида 9 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, Ростов-Дон шаҳрида тўрт киши, Красносулинский туманида эса яна бир киши жароҳатланган. Ростов-Донда иккита кўп қаватли уй, иккита хусусий уй, қурилиши давом этаётган баланд бинолар, тижорат объектлари ва омборларга енгил зарар етган.
Белгород вилояти ҳам дронлар ҳужумига учраган. Вилоят раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Шуваев ҳужум оқибатида жабрланганлар борлигини, шаҳар кўчаларида шикастланишлар ва ёнғинлар юз берганини билдирган.
Кейинчалик Шуваев Белгород шаҳри ва Белгород туманига уюштирилган тунги ҳужум оқибатида тўрт киши, жумладан, ёнғинни ўчириш вақтида ишлаётган ФВВ ходими ҳам жароҳат олганини маълум қилган.
Саратов вилоятида тунда ракета ва дронлар хавфи эълон қилинган.
Россия Мудофаа вазирлиги кеча, 24 июль оқшомидан буён ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинанинг 328 та дронини тутиб қолиб, йўқ қилганини маълум қилган.
Вазирликка кўра, дронлар Белгород, Брянск, Волгоград, Воронеж, Киров, Курск, Липецк, Нижний Новгород, Орёл, Ростов, Рязань, Самара, Саратов, Тула ва Ульяновск вилоятлари, Москва минтақаси, Краснодар ўлкаси, Чувашия, Марий Эл, Бошқирдистон, Қалмоқистон, шунингдек, аннексия қилинган Қрим ва Азов денгизи акваторияси узра уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг кеча, 24 июль куни Украинанинг Киев вилоятига берган баллистик ракета зарбаси оқибатида мудофаа саноатига бағишланган тадбирда 10 киши ҳалок бўлиб, қарийб 100 киши жароҳатланган эди.
Live
Барчаси