Украина урушга тортилиши мумкин. Путин ДХР ва ЛХР чегараси бўйича низоли жавоб берди
Олам
−
23 Февраль 2022
15644Москва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари чегараларида тан олади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Биз уларни тан олдик, бу уларнинг барча асосий ҳужжатларини, жумладан конституцияни ҳам тан олдик дегани. Унда Донецк ва Луганск вилоятлари Украинанинг бир қисми бўлган пайтдаги чегаралар белгилаб қўйилган эди. Аммо биз барча мунозарали масалалар Киевнинг амалдаги ҳукумати ва ушбу республикалар раҳбарияти ўртасидаги музокаралар чоғида ҳал бўлишини кутамиз”, деган Путин Федерация Кенгаши унга армиядан хорижда фойдаланиш учун рухсат берганидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида.
РФ раҳбари тан олинган республикаларга қўшин киритиш ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.
“Хорижда қуролли кучлардан фойдаланишга келсак, бу ҳақда нима дейиш мумкин? Албатта, биз кеча келишувларни имзоладик. ДХР билан ҳам, ЛХР билан ҳам ушбу келишувларда биз бу республикаларга тегишли, жумладан, ҳарбий ёрдам кўрсатамиз, деган тегишли бандлар бор”, деган Путин журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Аввалроқ Федерация Кенгаши Путиннинг Россия қўшинларидан хорижда фойдаланиш бўйича мурожаатини кўриб чиққан ва бунга рози бўлган эди.
Шунингдек, кеча, 22 февраль куни Россия парламентининг икки палатаси ДХР ва ЛХР билан дўстлик шартномаларини маъқуллади.
Чегаралар масаласи
Қайд этиш керакки, ДХР ва ЛХР Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларининг бутун ҳудудига даъво қилса ҳам, аслида уларнинг кичикроқ қисмини назорат қилади.
22 февраль куни тушдан кейин Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко “Россия ДХР ва ЛХРни республикалар раҳбарияти ўз ваколатлари ва юрисдикциясини амалга оширадиган чегаралар доирасида тан олишини” айтганди. Федерация Кенгашининг халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Климов ҳам Россия ЛХР ва ДХРни амалда ўрнатилган чегаралар доирасида тан олишини айтганди. Путиннинг Матбуот котиби Дмитрий Песков эса вазиятни мураккаблаштирган.
Журналистларнинг ДХР ва ЛХР чегаралари қайси нуқтада назарда тутилгани ҳақида сўраганида, у шундай жавоб берган:
“Бу икки республика ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган чегараларда”.
Шу билан бирга, Песков қўшимча қиладиган ҳеч нарсаси йўқлигини айтиб, бошқа тафсилотларга аниқлик киритишдан бош тортган.
BBC’га кўра, Россия ЛХР ва ДХРни қандай чегараларда тан олиши ўта муҳим ҳисобланади. Республикаларнинг “қонунчилиги”да уларнинг чегаралари Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятлари чегаралари эканлиги қайд этилган. Тан олинмаган республикалар раҳбарлари бу вилоятлар ҳудудларининг фақат учдан бир қисмини ажратиб олган. “Туташув чизиғи” Донбасснинг назорат остидаги ва назоратсиз қисмларини ажратиб туради.
Кейинги воқеаларнинг ривожланиши мантиғи тўғридан-тўғри Россия ДХР ва ЛХРни айнан қайси чегараларда тан олганига боғлиқ. Агар “туташув чизиғида” бўлганда, унда Донбассдаги вазият умуман ўзгармасди — ҳеч бўлмаганда Киев учун. У илгари бу ҳудудларни назорат қилмаган, ҳозир ҳам қилмайди. Агар Россия уларнинг бутун Донецк ва Луганск вилоятларига — Краматорск, Мариупол, Лисичанск ва Старобельскга бўлган ҳуқуқини тан олса ва имзоланган дўстлик шартномасига мувофиқ, бу ҳудудларни “қайтариш” учун ёрдам бериш ҳаракатини бошлайди, бу эса тайёр эскалация сценарийи бўлади.
Путиннинг тинчликсевар оҳангдаги сўзлари — чегара масаласини Киев ДХР ва ЛХР раҳбарияти билан муҳокама қилиб ҳал қилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплари чалғитмаслиги лозим. Украина бундай музокараларга бормайди. Бу Донбассда навбатдаги катта уруш бошланиши мумкинлигини билдиради.
Дипломатик муносабатлар
22 февралдан бошлаб Россия ДХР ва ЛХР билан дипломатик муносабатлар ўрнатди.
“Шу кундан бошлаб Россия Федерацияси ва Донецк халқ республикаси, шунингдек, Россия Федерацияси ва Луганск халқ республикаси ўртасида элчихоналар даражасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида келишув тузилди”, дейилади Россия ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.