Украина Саудия билан мудофаа битими тузди
Олам
−
11:29 1219 2 дақиқа
Украина ва Саудия Арабистони мудофаа соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Унга кўра, ҳужжат технологик ҳамкорлик, инвестициялар ва хавфсизлик соҳасидаги шериклик учун асос бўлади ҳамда Киевнинг халқаро майдондаги ролини кучайтиради.
Зеленский Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув олдидан ушбу келишув имзоланганини айтган. Унга кўра, Украина Саудия Арабистонига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун зарур компонентларни ишлаб чиқишда ёрдам беради.
Шунингдек, ҳамкорлик фақат ракеталарни тутиб қолиш воситалари билан чекланмайди — балки мудофаа тизимларини яратиш ва интеграция қилиш, сунъий интеллект асосида таҳлил, дронларга (айниқса Shahed типидаги) қарши кураш технологияларини ҳам ўз ичига олади.
Зеленскийнинг таъкидлашича, украиналиклар аллақачон 5 йилдан бери баллистик ракеталар ва дронлар орқали амалга оширилаётган ҳужумларга қарши курашиб келмоқда ва бу тажрибани бошқа давлатлар билан бўлишишга тайёр.
Учрашувда, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазият, Россиянинг Эронга кўрсатаётган ёрдами, ёқилғи бозори ҳолати ҳамда энергетик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.
Маълумотларга кўра, ҳозирда Яқин Шарқ давлатларида 200 дан ортиқ украиналик ҳарбий мутахассис фаолият юритмоқда ва улар минтақада дронлар ҳамда ракета ҳужумларига қарши ҳимояни кучайтириш устида ишламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Владимир Зеленский 26 март куни олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Саудия Арабистонига етиб борганди. Ташриф давомида Зеленский Макка губернатори ўринбосари шаҳзода Сауд бин Мишъал бин Абдулазиз билан учрашган. Учрашув ҳашаматли, олтин ва кумуш безаклар билан жиҳозланган залда бўлиб ўтган.