Украина Россияга яна кенг қамровли дрон ҳужуми уюштирди
Олам
−
25 Декабрь
6898Украина дронлари бугун, 25 декабрга ўтар кечаси Россия ҳудудларига ҳужум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Россия томони маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан 59 та дрон йўқ қилинган. Улардан 26 таси Белгород вилоятида, 23 таси Воронеж вилоятида, 3 таси Курск, Брянск ва Тамбов вилоятларида, 1 таси денгиз устида уриб туширилган.
Воронеж вилояти губернатори Александр Гусевнинг хабар беришича, мудофаа кучлари ва электрон уруш тизимлари Воронеж чеккасида ва вилоятнинг икки туманида учувчисиз учоқларни уриб туширган. Бир ҳудудда дронлар қулаши оқибатида электр узатиш линияси шикастланган. Бир қанча хусусий уй ва бинолар ҳам зарар кўрган, аммо қурбонлар бўлмаган.
Брянск вилояти расмийларига кўра, ҳужум оқибатида ҳеч ким жабрланмаган ва вайронагарчиликлар бўлмаган. Ҳужум қилинган бошқа вилоятлар ҳукуматлари оқибатлар ҳақида хабар бермаган.
Қолаверса, федерал ҳаво транспорти агентлиги 25 декабрь куни эрталаб Қозон аэропортида фуқаролик самолётларининг парвозлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чекловлар жорий этилгани ҳақида хабар берган.
“Аэропорт вақтинчалик самолётларни қабул қилмайди ёки жўнатмайди”, дейилади хабарда.
“РИА Новости” хабарига кўра, Истанбул, Олмаота ва Томскдан Қозонга учаётган рейслар Самарага йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 декабрь куни Украина Қуролли кучлари Россиянинг Курск вилояти Рильск шаҳрига берган йирик зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлиб, 12 киши яраланганди. Қолаверса, 21 декабрь куни эрталаб Украина учувчисиз самолётлари Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига ҳам ҳужум қилганди.
LiveБарчаси