Украина Қозонга дрон ҳужуми уюштирди

Олам

image

Бугун, 21 декабрь куни эрталаб Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига Украина учувчисиз самолётлари ҳужум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 21 декабрь куни эрталаб Қозонга Украина учувчисиз учоқлари ҳужум қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, минтақада дам олиш кунлари учун режалаштирилган оммавий тадбирлар бекор қилинган.

Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Москва вақти билан 7:40 дан 9:20 гача Украина дронлари фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилган. Ҳужум учта тўлқинда амалга оширилган, дронлар турли йўналишлардан келган.

Шунингдек, уч учувчисиз самолёт ҳаво ҳужуми вақтида мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилган, яна учтаси электрон уруш тизимлари ёрдамида йўқ қилинган. Татаристон раҳбари Рустам Миннихановнинг матбуот хизмати хабар беришича, Қозонга саккизта дрон келиши қайд этилган.

“Шундан 1 таси саноат корхонаси, 1 таси дарё бўйи, 6 таси тураржой массивида аниқланди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Қолаверса, Қозондаги баъзи мактаблардан болалар эвакуация қилинган. Қайд этилишича, ҳужум содир бўлган жойда тезкор штаб жойлаштирилган, аҳоли эвакуация қилинган, вақтинчалик яшаш жойлари ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 декабрь куни Украина пойтахти Киев ва унинг атрофидаги ҳудудлар йирик ҳаво ҳужумига учраганди. Пойтахт ва унга яқин ҳудудларда камида олтита кучли портлаш ҳақида хабар берилган. Бориспиль халқаро аэропорти яқинидаги омборхонада кучли ёнғин келиб чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Қозон Татаристон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг