Украина Путиннинг ташрифи сабаб Мўғулистонга демарш эълон қилди

Олам

image

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Украина томонининг таклифига биноан Улан-Батордан Киевга борган Мўғулистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа ва Африка департаменти бош директори Ганхуурай Баттунгалаг билан учрашув чоғида Мўғулистонга норозилик билдирди. Бу ҳақда Украина ТИВ баёнот берди.

“Украина томони Мўғулистоннинг Рим статути бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан ва Халқаро жиноий суднинг Россия Президенти Владимир Путинни ушбу мамлакатда бўлган вақтида ҳибсга олиш ордерини бажаришдан бош тортганидан чуқур хафа бўлди”, дейилади хабарда. 

Вазирлик баёнотида қайд этилишича, Украина бундай ҳаракатларни тегишли реакциясиз қолдирмайди.

“Мўғулистоннинг қарори Мўғулистон билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш сиёсатини шакллантиришда, шунингдек, Украинанинг ушбу мамлакатни халқаро форматларда қўллаб-қувватлаш бўйича позициясида ҳисобга олинади. Шу билан бирга, Украина томони Мўғулистон Украина ва Мўғулистон ўртасидаги анъанавий дўстона муносабатларнинг конструктив характерини тиклаш бўйича самарали чоралар кўришига умид қилади, бу эса ҳар икки давлат манфаатларига хизмат қилади”, дея қўшимча қилди Ташқи ишлар вазирлиги.

2 сентябрь куни Путин ушбу мамлакат Президенти Ухнаагиин Хурельсухнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Мўғулистонга борган эди. Россия раҳбарининг ташрифи уни ҳибсга олиш учун ХЖС ордери ҳақидаги миш-мишлар фонида амалга оширилди.

2023 йилнинг 17 мартида ХЖС Россия Президенти Владимир Путин, шунингдек, болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берди. Суд Россия Федерацияси Президенти ва россиялик сиёсатчининг “аҳоли (болалар)ни ноқонуний депортация қилиш ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан аҳолини (болалар) ноқонуний олиб ўтишдан иборат ҳарбий жиноятларда иштирок этиши мумкинлигини аниқлади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Мўғулистон расмийлари Россия Президенти Владимир Путинни Халқаро жиноий суд буйруғи билан ҳибсга олишдан бош тортишини мамлакатнинг энергияга қарамлиги ва бетарафлиги билан изоҳлаганди. ХЖС прокурори Карим Хон эса Мўғулистон нега Халқаро жиноий суд буйруғини эътиборсиз қолдирганини тушунтириши кераклигини айтди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина Мўғулистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made