Украина президентлик сайловларини ўтказишга рози бўлди – Уиткофф
Олам
−
22 Март
9764АҚШ Президентининг махсус вакили – Москва ва Вашингтон ўртасида Украина бўйича музокаралар олиб бораётган дипломат Стив Уиткофф Украинада президентлик сайловлари ўтказилиши тўғрисида маълум қилди. Бу ҳақда у журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида сўз очди.
“Улар (сайловлар) бўлади. Ҳа. Украина раҳбарияти бунга рози бўлди. Украинада сайловлар бўлиб ўтади”, дейди Уиткофф.
Шунингдек, у Владимир Зеленский ва унинг идораси раҳбари Андрей Ермак Украина НАТОга аъзо бўла олмаслигини деярли тан олганини таъкидлаган. Киевнинг НАТОга қўшилишдан воз кечиши Москванинг асосий талабларидан бири саналади.
Уиткоффнинг айтишича, шунга қарамай, Украинага НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш масаласи муҳокамада қолмоқда. Мазкур модда бўйича иттифоққа аъзо давлатга қилинган ҳужум НАТОнинг барча аъзоларига қилинган ҳужум сифатида баҳоланади.
Бундан ташқари, Уиткофф музокаралар доирасида Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳам муҳокама қилинаётганини маълум қилган.
“Биз айни пайтда бунга жуда яқин турибмиз ва келаси ҳафта ичида ёки шунга яқин муддатда бу амалга ошиши кутилмоқда”, дея тахмин қилган дипломат.
Унинг сўзларига кўра, муҳим мақсад – 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш ва бу вақт ичида доимий сулҳ юзасидан музокаралар олиб бориш. Бундан ташқари, у АҚШ маъмурияти Украина учун адолатли келишувга эришиш тарафдори эканини, бироқ учинчи жаҳон уруши бошланишига йўл қўймаслигини қўшимча қилган.
Уиткофф, шунингдек, Россиянинг Европага ҳужум қилиш режаси йўқлигига тўлиқ ишонишини айтган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия Президентлари ўртасидаги учрашув яқин бир неча ой ичида бўлиб ўтиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кейинги Украина-Вашингтон ва Вашингтон-Москва музокаралари 23-24 март кунлари Саудия Арабистонида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Кремлга кўра, 24 март куни АҚШ вакиллари билан Қора денгизда кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинади.
LiveБарчаси